Самарқандда грант танлови ғолиблари аниқланди
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди жорий йилнинг май ойида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш” мавзусида давлат гранти 1-танловини эълон қилган эди.
Бир ой давомида танловга вилоятга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари томонидан аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари, хотин-қизлар ва ёшларни иқтисодий, молиявий ва бизнес соҳасидаги кўникмаларини юксалтириш орқали тадбиркорликнинг турли соҳаларига кенг жалб қилиш, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини оммавий спорт турларига кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб этишни кучайтириш, фуқаролар ўртасида китоб ўқиш маданиятини шакллантириш ва тарғиб қилиш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш каби мавзулар бўйича 24 та лойиҳа тақдим этилди.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиясининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари дастури, лойиҳаларининг ижтимоий ва умумаҳамиятини аниқлаш бўйича ишчи гуруҳи тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқиб, 10 лойиҳани танлов ғолиби, деб эълон қилди.
Жумладан, SOS Ўзбекистон болалар маҳалласи Самарқанд филиали маҳаллада термо-иссиқхона ва жонли бурчакни ташкил этиш лойиҳаси учун, “Умид-Д” хайрия маркази Самарқанд вилояти ННТларининг салоҳияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш лойиҳаси учун, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Самарқанд вилояти бўлими “Кўнгилларнинг гул тожи – китоб” лойиҳаси учун грант танлови ғолиби бўлди.
Энг яхши деб, топилган лойиҳаларга 28-31 миллион сўм, жами 305 миллион сўм давлат гранти ажратишга қарор қилинди.
Жамоат фонди “Жамиятда инсон ҳуқуқлари ва мулоқот маданиятини юксалтиришда ННТлар фаоллигини ошириш” ҳамда “Туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, маҳалла ва оилаларда соғлом турмуш тарзини ва аҳоли соғлиғини мустаҳкамлашда жамоатчиликни кенг жалб қилиш” мавзуларидаги иккинчи ва учинчи давлат гранти танловларини ҳам эълон қилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА