
Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармасининг 2024 йилдаги фаолиятига бағишланган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Суръат Жабборов қайд этди.
Таъкидланишича, ўтган йилда МИБ вилоят бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан 11,5 триллион сўмлик 1 миллион 217 мингта ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган. Шундан 8,5 триллион сўмлик 785 минг 575 та ҳужжат ижроси таъминланиб, 2,9 триллион сўмдан ортиқ қарздорлик ундирилди.

– Ижро ҳужжатлари орасида моддий ёрдамга муҳтож вояга етмаган фарзандлар фойдасига алимент ундириш билан боғлиқ ишлар энг кўплигича қолмоқда, – деди С.Жабборов. – 2024 йилда 39 минг 933 та ижро ҳужжати бўйича иш олиб борилиб, 145,2 миллиард сўмдан ортиқ алимент қарздорликлари ундириб берилди. Шунингдек, 123 нафар ундирувчига 1 миллиард 173 миллион сўмга яқин малағлар алимент тўловлари жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилди. 2025 йил ҳолатида ҳозир қўлимизда 41 мингга яқин ушбу тоифадаги ижро ҳужжатлари бор. Бу республика ҳудудлари орасида ҳам энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Тўғри, вилоятимиз аҳолиси кўп, туғилиш, янги оила тузилиши юқори. Шу билан бирга, минг афсуски, ажримлар ҳам кўп қайд этилмоқда. Хатони катталар қилади, лекин бундан фарзандлар кўпроқ азият чекмоқда. Алимент тўловчилар орасида 280 дан ортиқ аёл ҳам бор. Ажрашган хотин фарзандларини собиқ эрига қолдирган, алимент тўлаш мажбурияти унинг зиммасига тушган. Уларнинг аксарияти бошқа турмуш қилган ёки хорижга кетиб қолган. Аммо мажбуриятини бажармаслиги оқибатида маъмурий жазо чораси қўлланилган 10 дан ортиқ алимент тўловчи оналар борлиги ачинарли.
Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, алимент билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича маҳалла “еттилик”лари билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва кўрилган чора-тадбирлар натижасида ўтган йил 11254 та оила яраштирилиб, оилалар тикланган. 2550 нафар ишсиз алимент тўловчи ишга жойлаштирилиб, бандлиги таъминланди.
Шу билан бирга, қонун устуворлиги ва жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида алимент тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган 1135 нафар шахс маъмурий жавобгарликка, 146 нафари эса жиноий жавобгарликка тортилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири