Самарқандда чиқиндидан электр энергияси ишлаб чиқарувчи "SUS Environment Samarkand" заводининг қурилишига старт берилди.
Хитой Халқ Республикасининг “Shanghai SUS Environment” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа учун 150 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинмоқда. Завод қурилиши учун Самарқанд шаҳрининг Сўлим қўрғони ҳудудидан 15 гектар ер майдони ажратилган.


Корхона кунига 1500 тонна чиқиндини термик қайта ишлаш ва йилига 240 миллион кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади. Бу ерда қаттиқ маиший чиқиндини ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш учун замонавий технологиялардан фойдаланилади.

Янги завод қурилишига киришилиши муносабати билан ўтказилган тадбирда Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев иштирок этиб, вилоятда чиқиндиларни қайта ишлаш, ундан энергия ишлаб чиқариш йўналишидаги мазкур лойиҳанинг энергия барқарорлигини таъминлашдаги аҳамиятига тўхталди.
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари