Самарқандда 50 та давлат ташкилотининг боғлари яратилади
Юртимизда “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси асосида кузги кўчат экиш ишлари бошланди.
Мазкур тадбирни уюшқоқлик билан, халқимизнинг фаол иштирокида ўтказиш учун нуронийлар, хотин-қизлар ва фаоллар юртимиз аҳолисига мурожаат билан чиқди.
Самарқандлик зиёлилар, фаоллар ҳам вилоят аҳлини кузги дарахт экиш ишларида фаол қатнашишга даъват этди. Кекса авлод вакилларининг ўзлари бу ишда ташаббус кўрсатиб, Тойлоқ тумани Бахшитепа маҳалласидаги бўш майдонда кўчат ўтқазди.
Хотин-қизлар фаоллари эса Самарқанд шаҳар Шодиёна маҳалласи ҳудудида дарахт кўчатлари экиб, “Оналар боғи”га асос солди. Вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида, маҳалларда шу каби боғлар яратиш ташаббуси илгари сурилди.
Бугун кузги дарахт экиш мавсумининг расман бошланиши муносабати билан вилоят ва Самарқанд шаҳри ҳокимликлари, бошқарма ва идоралар вакиллари шаҳарнинг Баҳодир Ялангтўш маҳалласида кўргазмали семинарда қатнашди.
– Кўчат ўтқазиш тадбирлари энди шунчаки “компаниябозлик” сифатида ўтмайди – дейди вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бўлим бошлиғи Суҳроб Аҳмеджонов. – Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилади. Жумладан, кейинги йилларда яратилган мазкур аҳоли массивида шумтол, каталпа, ўзимизнинг иқлимга мослашган павловния кўчатлари экилмоқда. Бундан ташқари, дарахт кўчатларини экишдан бошлаб уч йил давомида парваришлашгача масъуллар белгиланади. Яъни эндиликда ҳар бир кўчатнинг эгаси ва жавобгари бўлади.
Самарқанд вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг маълумотларига кўра, лойиҳа доирасида баҳорги мавсумда вилоят бўйича 10 миллион 364 минг туп дарахт ва бута кўчати ўтказилган бўлса, кузги мавсумда 6 миллион 942 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. Бунинг учун ўрмон хўжаликлари ва фермерлар томонидан 50 дан зиёд кўчатхона ташкил этилиб, қўшимча кўчат захираси яратилган.
Мавсумда вилоятнинг 16 шаҳар ва туманида йигирма гектарга яқин майдонда ҳокимлик боғлари, 28,4 гектарда “Яшил боғ”лар ташкил этилади.
Самарқанд шаҳридан Навоий вилояти ҳудудигача бўлган темир йўл ёқасида 151 километр масофада “Яшил белбоғ” яратилади. Ушбу ҳудудда яшовчи аҳоли ва ердан фойдаланувчилар жалб этилган ҳолда 81 минг туп сувсизликка чидамли қайрағоч, жийда сингари манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экиш манзилли рўйхати ишлаб чиқилди.
[gallery-14211]
Бундан ташқари, вилоятдаги саонат корхоналари ва уларга яқин ҳудудларда дарахтларини кўпайтириш ва боғлар яратиш мақсадида жойлар белгилаб берилган. Жумладан, кузги мавсумда 45 та корхона томонидан 122,3 гектар майдонда 98 минг туп кўчат экилиб, “Яшил белбоғ”лар барпо этилади. Цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ва уларга туташ бўлган ҳудудларда 93 гектар майдонда 17 минг туп қайрағоч, япон сафораси ва бошқа кўчатлар экилади. Шунингдек, вилоятдаги 50 та давлат ташкилотининг ҳар бири 50 сотихдан 2 гектаргача бўлган майдонда боғ яратиши вазифаси ҳам белгиланган. Айни пайтда бу борадаги ишларга киришилди.
Кўчат экилиши билан бирга уни суғориш ва парваришлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маълумотларга кўра, вилоятдаги дарахт кўчатлари ўтқазилаётган ва кўкаламзорлаштирилаётган ҳудудларда 50 километрдан зиёд суғориш тармоқлари яратилади ва 30 та ер ости суви чиқариш қудуқлари қайта тикланади. Шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларига 7 миллиард сўм маблағ йўналтирган ҳолда кўкаламзорлаштириш ишларида фойдаланиш учун 8 та махсус техника харид қилинади.
Дарахт экиш ва парваришлаш юмушларига “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни жалб қилиш орқали вақтинча бўлса-да улар бандлиги таъминланади ва иш ҳақида тўланади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари