Самарқандда 50 нафар хомиладор аёл коронавирусдан даволанмоқда
Самарқанд вилояти Матбуот уйида вилоят ҳокими ўринбосари Х.Очилов ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида кейинги кунларда вилоятда коронавриус аниқланган беморлар сони сезиларни даражада ошгани қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг бугун эълон қилинган маълумотига кўра, 9 январь куни 44 нафар самарқандлик фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган.

– Коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланган махсус шифохонамизда ҳозирда 156 нафар бемор даволанмоқда, – дейди Х.Очилов. – Бугун соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари билан бирга ушбу шифохонага кириб, даволаш жараёнларини кузатдик, беморлар билан суҳбатлашдик. Уларнинг аксарияти бу хасталикни оддий шамоллашдек ўтиб кетади, деб ўзларича дори-даво қилганликлари, аҳволлари оғирлашганидан сўнг тиббиёт ходимларига мурожаат қилишганини айтишди. Шунинг учун вилоятимиз аҳлига мурожаат қилиб айтмоқчиманки, ўзингизда касаллик аломатларини сезсангиз зудлик билан ҳудудий поликлиникалар ва оилавий шифокорингизга хабар беринг, имкон қадар тезроқ ПЗР тести топширишга ҳаракат қилинг.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи С.Зайниевнинг қайд этишича, санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари лабораториялари билан бирга марказий ва оилавий поликлиникаларда коронавирусни аниқлаш учун ПЗР тест топишириш имконияти яратилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда 2, 4, 12-оилавий поликлиникаларда ушбу хизмат йўлга қўйилди.
– Ўтган йил вилоятимизда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга йўналтирилган 2800 ўринли 7 та муассаса фаолият кўрсатган эди, – дейди С.Зайниев. – Ҳозирда фақат 240 ўринли махсус шифохона хизматидан фойдаланяпмиз. Бу ерда даволанаётган 150 нафардан ортиқ беморнинг 50 нафарини ҳомиладорлар ташкил этмоқда. Агар вазият оғирлашса, ўтган йилги тажриба асосида шаҳардаги 3-туғруқ мажмуаси негизида ҳомиладор аёллар ва ёш болали бемор оналарни даволаш учун марказ ташкил этилади. Матбуот анжуманида қайд этилишича, бугунги кунда вилоят cоғлиқни сақлаш бошқармаси захирасида 49 турдаги 948 миллион сўмлик дори воситалари ва 38 минг 986 та “Covid-box” аптечкалар захираси мавжуд.
Коронавирус касаллигини даволашга мўлжалланган шифохоналарда фаолият юритиш учун махсус сертификатга эга 6071 нафар тиббиёт ходимлари тайёрланган. Самарқанд шаҳридаги 4-сон оилавий поликлиника қошида туну кун ишлайдиган COVID-поликлиника ташкил қилинган. Бу ерда ПЗР таҳлили, рентгенография ўтказиш, СOVID BOX тарқатиш йўлга қўйилган. Аниқланган беморларга шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган ҳолатларда тиббий ёрдам кўрсатиш учун 304 та тез тиббий ёрдам бригадаси фаолият олиб бормоқда.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА