Самарқандда 278 масжидда ҳайит намози ўқилди
Давлатимиз раҳбари қарорига кўра, 9 июль Қурбон ҳайитининг биринчи куни юртимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.
Самарқанд вилоятида ҳам байрам тадбирлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси кўрсатмасига риоя этган ҳолда ўтказилмоқда. Жумладан, бугун эрта тонгда вилоятдаги 278 та масжидда ҳайит намозини ўқилди.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳридаги "Номозгоҳ" жоме масжидига борди ва барча самарқандликларни Қурбон ҳайити билан табриклади.

– Сизларни, сизлар орқали бутун вилоятимиз аҳолисини бугунги байрам билан табриклайман, – деди Эркинжон Турдимов. – Мамлакатимизда муқаддас динимизни асраб-авайлаш, борлиғи билан халқимизга етказиш бўйича жуда катта ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Президентимиз кеча халқимизга йўллаган табригида алоҳида таъкидлаб ўтди. Нияти пок, мақсадлари улуғ халқимизнинг шу табаррук кунларда қилаётган барча ибодатлари ижобат бўлсин.

Байрам олдидан, умуман, байрам кунларида саховатпеша кишилар томонидан маҳаллалардаги эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга мурувват ёрдамлари кўрсатилмоқда. "Маҳалла" хайрия жамоат фонди томонидан "Саховат" карвони ташкил этилиб, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, беморлар, кексалар ҳолидан хабар олинди.

Бугун ўтказилаётган қурбонлик маросимларида ҳам маҳаллалардаги ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат), ЎзА