Самарқандда 1126 маҳаллага раис сайланади
Фуқаролар йиғинлари раисларининг ваколат муддати тугаши муносабати билан жорий йилнинг май ойида мамлакатимизда фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови ўтказилади.
Олий Мажлис Сенати Кенгашининг шу йил 16 март куни ўтказилган мажлисида бу ҳақда қарор қабул қилиниб, фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси тузилди. Шунингдек, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси тасдиқланди. Ўз навбатида ҳудудларда сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар тузилди.
Самарқанд вилоятида ҳам вилоят, туман ва шаҳар кўмаклашувчи комиссиялари тузилиб, тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни амалга оширмоқда.
– “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида” ги қонунга кўра фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади, – дейди Самарқанд вилоятида фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссия раиси ўринбосари, вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. – Айни пайтда вилоятимизда сайловга тайёргарлик жараёнлари ана шу талаб асосида ташкил этилмоқда. Кўмаклашувчи комиссиялар фаолияти, белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилишидан аҳоли хабардор этиб борилмоқда. Шунингдек, сайловга оид қонунчилик – кимлар сайловда иштирок этиши, кимлар сайланиши мумкинлиги, ишчи гуруҳлар фаолияти, номзод кўрсатиш тартиблари ва бошқа қоидалар маҳаллалар аҳлига тушунтирилмоқда.
Мақсад – сайловни қонун талаблари асосида ўтказиш, энг муносиб, халқни ўз ортидан эргаштира оладиган, ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожланиши учун фидойилик кўрсатиб меҳнат қиладиган раисларни сайлаш. Бугун давлатимиз раҳбари маҳаллаларга қай даражада эътибор қаратаётгани, барча ислоҳот ва ўзгаришлар энг қуйи тизим бўлган маҳалла фуқаролар йиғинларидан бошланаётганини барчамиз кўриб турибмиз. Шунинг учун ҳам бу галги сайловнинг талаб ва масъулияти жараённи ташкил этувчилар учун ҳам, сайловчи ва номзодлар учун ҳам жуда кучли. Ҳозирда 27 кишидан иборат вилоят кўмаклашувчи комиссиямиз аъзолари туман ва шаҳарларга бириктирилган ҳамда вазифалар белгилаб берилган. Худди шундай туман комиссиялари аъзолари ҳам маҳаллаларги бириктирилди. Сайловини ташкил этиш ва ўтказишга доир тавсиялар ва намунавий ҳужжатлар тўплами ҳудудларга етказилди. Шу пайтгача маҳаллаларда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун фуқаролар йиғинлари ёки фуқаролар вакилларининг йиғилиши қарори билан ишчи гуруҳлар тузилди.
Ишчи гуруҳлар ҳозирда аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда фуқаролар йиғини раиси лавозимига номзодлар ҳужжатларни тайёрламоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, номзодларга доир бу ҳужжатлар сайловдан камида ўн кун олдин келишиш учун туман, шаҳар ҳокимига тақдим этилади. Шунингдек, ҳудудлар, фуқаролар йиғинлари кесимида сайлов ёшига тўлган фуқароларнинг умумий сони ва рўйхатини шакллантириш бўйича сўровномалар юборилди. Маҳаллалардаги сайловчилар сони аниқланмоқда. Сайловда маҳалла ҳаётида фаол иштирок этадиган, одамларнинг ўй-ташвишини яхши биладиган кишиларнинг вакил сифатида иштирок этиши фуқаролар йиғинлари фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим омил ҳисобланади. Шунинг учун ишчи гуруҳлар ҳудуддаги ҳовлилар, уйлар, кўчаларга бириктирилиб, фуқаролар вакилларини сайлаш бўйича умумий йиғилишларини ўтказмоқда. Қонунга кўра, фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида ўн икки фоизини ташкил этиши керак. Бугунги кунда деярли барча маҳаллаларда сайлов ўтказиладиган манзил ва объектлар аниқланди.
Эндиликда фуқаролар йиғини раиси уч йил муддатга сайланади. Бу албатта, маҳалла раислари учун катта масъулият. Қолаверса, бугун маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли каби янги лавозимлар жорий этилиб, фуқаролар йиғини фаолияти кучайтирилди. Аҳолининг муаммо ва масалаларини маҳалланинг ўзида ҳал этиш имкониятлари оширилди. Бу вазифаларни амалга оширишда албатта, маҳалла оқсоқолидан юксак ташаббускорлик ва тадбиркорлик, уйғоқ фикр, кенг тафаккур ва дунёқараш талаб этилади.
– Бугунга келиб вилоятимиздаги маҳаллалар 1126 тага етди, – дея сўзида давом этади И.Жабборов. – Маҳаллаларимиздаги аҳоли ҳам йил сайин кўпаймоқда. Ўз навбатида аҳолининг ҳаётий эҳтиёж ва талаблари ҳам ошиб бормоқда. Бу эса биринчи навбатда ўша ҳудуддаги етакчи, яъни маҳалла фуқаролар йиғини раисидан давлатимиз сиёсатини тўғри англаб, уни ўз маҳалласида бекаму кўст амалга оширишини тақозо этади. Маҳалла раисини сайлаётганимизда ҳар биримиз ана шу жиҳатларни ўйлаб, таҳлил қилиб, энг муносиб номзодни танлашимиз керак. Номзодлар ҳам маҳалладаги минглаб аҳолининг дарду ташвишларини елкасига олишга қодирлигини ҳис қилгандагина бу майдонга тушса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бинобарин, бугун маҳалла раислиги лавозим эмас, юксак ишонч, масъулиятни зиммага олиш демакдир.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА