Ушбу маълумот Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури ҳамда бошқа давлат дастурлари ижроси устидан назоратни кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорининг ижроси юзасидан Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессиясида ҳисобот берган Самарқанд вилояти прокурори Ж.Ҳотамов томонидан қайд этилди.
Қарор ижросини таъминлаш юзасидан барча ҳудудларда бўлгани каби Самарқандда ҳам вилоят прокурори раҳбарлигида ташкил этилган ҳудудий штабга дастурлар асосида ажратилган маблағлардан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, талон-торож қилиш ҳолатларини олдини олиш вазифаси юклатилган. Давлат раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Дастур доирасида вилоятда 189 та объектда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиши ва уларнинг 172 таси жорий йилда якунланиши белгиланган.
Ҳозирга қадар бюджетдан 802,5 миллиард сўм маблағ ёки ажратилган лимитнинг 76 фоизи молиялаштирилиб, 774 миллиард сўм ўзлаштирилди. 77 та объектда белгиланган ишлар якунланиб, фойдаланишга топширилди. Афсуски, дастур ижросини таъминлашда масъулларнинг етарлича жонбозлик кўрсатмаганлиги ҳамда ўзибўларчилик кайфиятида иш юритаётганлиги сабабли 2 та объектнинг экспертиза хулосалари олинмаган ва 4 тасининг пудратчиси аниқланмаган. Шунингдек, 3 та мактабгача таълим ташкилоти, 6 та мактаб, 2 та олий таълим муассасаларининг қурилиши ўқув йили бошлангунга қадар тамомланмасдан қолган.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 32 та маҳалла ва қишлоқлар учун ажратилган 446,1 миллиард сўм маблағ эвазига 1026 та объектда қурилиш - таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилиб, бугунги кунда 70 миллиард сўм молиялаштирилди.
– Ҳудудий штаб ўзининг устувор фаолиятини қурилиш соҳасидаги қонун бузилишларни аниқлаш ва унинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки бу борадаги содир этилиши мумкин бўлган жиноий хатти-ҳаракатлар ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратиб, хато-камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга йўналтириб келмоқда – деди Ж.Ҳотамов. – Мазкур жараёнларда ҳар бир лойиҳанинг асослилиги ўрганилиб, лойиҳа ҳужжатларига 230 та ҳолатда ортиқча ёки заруриятсиз киритилган 58,5 миллиард сўм маблағ мақбуллаштирилди. Хусусан, Пайариқ туманидаги 59- умумтаълим мактабини реконструкция қилиш бўйича “Самкадастр” МЧЖ томонидан 1 миллиард 420,4 миллион сўмга ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларида ора ёпма плиталар сони ошириб кўрсатилиши натижасида объект қиймати сунъий равишда 119,7 миллион сўмга ошириб кўрсатилган. Ургут туманидаги 121-мактабнинг фасад қисми сувоқ ишларида 145 миллион сўм, 81-мактабда нархларни ошириб кўрсатиш орқали 47 миллион сўм ва Каттақўрғон шаҳридаги 11-мактабни реконструкция қилиш объекти сметасида материал харажатларига 206 миллион сўм ортиқча харажатлар кўрсатилганлиги аниқланиб, бартараф этилди. Шунингдек, вазифаларнинг жойлардаги ижроси аҳволи, муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида вилоят штаби раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан барча ҳудудлар ўрганиб чиқилди.
Ҳудудлардаги вазият ҳамда дастурлар ижроси масъул ходимлар иштирокида муҳокама қилиниб, вазифасини лозим даражада бажармаган ва қонун бузилишига йўл қўйган 42 нафар масъуллар интизомий, 197 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 17 та жиноят иши қўзғатилди ва жиноят оқибатида етказилган 3 миллиард 878 миллион сўмлик зарар ундирилди.
Мисол учун, “Обод қишлоқ” дастури доирасида “Qobil Quruvchi Servis” МЧЖ томонидан Пастдарғом туманидаги 21-мактабда олиб борилган қурилиш-монтаж ишлари давомида 587,2 миллион сўм маблағ талон-торож қилинганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан айбдор шахсларга нисбатан жазо муқаррарлиги таъминланди ва етказилган зарар тўлиқ ундирилди. Қурилиш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган барча объектлар пудратчилари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон тендер савдолари орқали танланиши, қурилиш-таъмирлаш жараёнларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилмаслиги, қурилиш ишларида муаллифлик, техник ва давлат назорати олиб борилишини таъминлаш ва аниқланган камчиликлар ҳақида ҳудудий штабга ахборот бериб бориш тизими йўлга қўйилган. Ушбу йўналишдаги ўрганишларда вилоятдаги 11 та қурилиш-пудрат ташкилоти томонидан статистика, солиқ, бандлик ва бошқа идораларга сохта ҳисоботлар топширилиши оқибатида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали ўтказилган 27 та тендер савдоларида жами 219 миллиард сўмлик объектлар қурилишида ғолибликни қўлга киритганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, айбдорларга тегишли чоралар кўрилган. Вилоятда қурилиш ишларида сифатни таъминлаш ва турли қинғир ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида дастурга киритилган ижтимоий соҳа объектларида видео кузатув камералари ўрнатилди. Онлайн режимда ишловчи кузатув камераларининг ёзуви бир ой давомида сақлаш имконияти яратилди ва кузатув камералари вилоят штабига интеграция қилинди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА