Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жорий йилнинг август ойида Кадастрлар палатаси Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда Кадастр агентлиги бошқармасида ўтказилган ўрганиш натижалари вилоят Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида муҳокама этилди.
Йиғилишда, соҳада амалга ошириладиган ишлар юзасидан тасдиқланган "Йўл харита" ижроси муҳокама қилиниб, ишчи гуруҳ томонидан маиший коррупция ҳолатларига барҳам бериш борасида амалга ошириладиган ишлар юзасидан тушунтириш ва кўрсатмалар берилди.

Қайд этилишича, ҳуқуқ-тартибот органлари вилоятда ер сотиш, бу борада ноқонуний фаолият олиб бориш билан боғлиқ бир қатор ҳолатларни аниқлаб, уларда 92 нафар шахс жами 2 миллион АҚШ долларини таъмагирлик йўли билан олаётганда ушланган.
***
Япония халқаро тараққиёт агентлиги (JICA) халқаро экспертлари туризмни ривожлантиришга оид ҳамкорлик дастурлари доирасида вилоятда бўлиб, туризм салоҳияти юқори қишлоқ ва маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.

Ўрганишлар натижасида халқаро тажрибага асосланган қишлоқ туризмини ривожлантириш ва бу орқали янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг даромадларини ошириш бўйича амалий таклифлар ишлаб чиқилади.
***
Самарқанд давлат чет тиллар институти 2-босқич магистранти Чарос Баликова Туркиянинг Анталия шаҳрида 100 катакли шашка бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида классик ва блиц йўналишида биринчи, рапид йўналишида иккинчи ўринни қўлга киритди.

Имконияти чекланганлар ўртасида ўтказилган ушбу нуфузли мусобақада 20 га яқин давлатдан 50 нафардан ортиқ спортчилар иштирок этди.
***
Мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини Европа давлатларида кенг тарғиб этиш мақсадида Белгиянинг “Buscardini Communications SRL” ижодий гуруҳи Самарқандга ижодий сафар уюштирди. Гуруҳ аъзолари Самарқанддаги тарихий-маданий ёдгорликлар, сайёҳлик масканларида тасвирга олиш ишларини олиб борди, ҳар бир объект ҳақида қимматли маълумотлар жамланиб, тарихчи олимлар ва мутахассисларнинг фикрлари ёзиб олинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА