
Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) вакиллари билан учрашувда Самарқанд шаҳрида жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳанинг истиқболлари ва кейинги босқичларини муҳокама қилди.
Банкнинг “Яшил шаҳар” лойиҳасида иштирок этаётган Самарқанд шаҳрига шу пайтгача 100 та замонавий электробус келтирилиб, аҳолига жамоат транспорт хизмати кўрсатмоқда. Учрашувда яна қўшимча электробуслар харид қилиш ва уларнинг самарали ишлаши учун зарур инфратузилма яратиш, электробуслар йўналишлари тармоғини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

***
Самарқанд вилоят прокурори ва вилоят ИИБ бошлиғи томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда ҳокимликлар масъуллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Пастдарғом ва Тойлоқ туманларида жиноятчиликка қарши курашиш борасида йўл қўйилаётган тизимли хато ва камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнида суриштирув ва тергови тўхтатилган жиноят ишларини фош этиш ҳамда тезкор-қидирув тадбирларини олиб бориш, қонунийликни таъминлаш юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари раислигида коррупцияга қарши курашиш йўналишида ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси танқидий муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

***
Кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 11-синф ўқувчилари ўртасида Самарқанд шаҳрида ўтказилган асосий фан олимпиадасининг республика босқичи якунига етди.
Қуйи босқичда ғолиб бўлган 145 нафар ўқувчи иштирок этган олимпиадада математика фани бўйича сурхондарёлик Зиёдулла Эралиев, она тили ва адабиёт фанидан самарқандлик Назокатхон Бутунбоева, рус тили ва адабиёти фани бўйича Сирдарё вилоятидан келган Ирода Кушаева, тарих фанидан бухоролик Элшод Исматов биринчи ўринни қўлга киритди.
Олимпиадада биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи сертификат ва пул мукофотлари берилди.

***
Мирзо Улуғбек номидаги Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетида туркиялик олимлар томонидан ёзилган “Ўзбекистон: давлат, жамият ва миграция” китоби тақдимоти ўтказилди.
Китоб муаллифлари Ўзбекистон тарихи, маданияти, сиёсий тизими ва миграция масалаларига оид тадқиқотлари, шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларда олиб борган изланишлари тўғрисида фикрларини билдирдилар.

Университет ректори Чидем Туркйилмаз, Туркия Республикаси Ички ишлар вазирлиги Илмий тадқиқотлар маркази (AREM) раиси Селим Чапар мазкур асар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири