Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азиз Камилов ҳамда Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова билан учрашди.
Учрашувда вилоятда дзюдони янада ривожлантириш, мамлакат терма жамоаси таркибида самарқандлик спортчилар сонини ошириш ва бунинг учун уларга муносиб шарт-шароит яратиш юзасидан фикр алмашилди.
Самарқандлик дзюдочилар ўтган йил республика мусобақаларида 54 та олтин, 15 та кумуш, 23 бронза, халқаро турнирларда эса 1 та олтин, 1 та кумуш, 4 бронза медалларини кўлга киритгани эътироф этилиб, ушбу натижаларни янада мустаҳкамлаш имконияти борлиги таъкидланди.

***
Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида Ёшлар маслаҳат гуруҳи ташкил қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг яқинда ёшлар билан учрашувда билдирган ташаббуси асосида ташкил этилган гуруҳ 30 нафар ёшлардан иборат бўлиб, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ёшлар масалаларига доир қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда муҳокама қилишда иштирок этиши кўзда тутилган. Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзолари вилоят Кенгаши депутатларига “Устоз-шогирд” анъанаси асосида бириктирилди.

***
Наврўз байрами муносабати билан Пастдарғом туманида бир қатор янги объектлар очилди.
Жумладан, 1-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби учун 1,3 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган янги спорт зали, Самарқанд маҳалласида кўп қаватли турар жой биноси фойдаланишга топширилди. Камолот маҳалласида эса “Sam Abloute Servis” МЧЖ корхонаси негизида санитар-гигиеник воситалар ишлаб чиқариш лойиҳаси асосида маҳсулот тайёрлаш бошланди.

***
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ногиронлиги бўлган шахслар тайёрлаган маҳсулотларнинг кўргазма-савдоси ташкил этилди.
Унда Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи ногиронлиги бўлган шахслар ўзлари тайёрлаган 40 дан ортиқ турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди.

– I гуруҳ ногирони бўлишимга қарамай ҳамма қатори ўқияпман, олийгоҳда талабаман, – дейди Дўкчиён маҳалласида яшовчи Умида Маҳмудова. – Бўш вақтларимда ҳунармандчилик билан шуғулланаман, шогирдларим билан турли юмшоқ ўйинчоқлар тўқиймиз. Ярмаркада ушбу маҳсулотларимизни сотувга чиқаргандик, харидорларга манзур бўлганидан хурсандмиз.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири