Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев вилоят ёшлар вакиллари билан учрашди.
Учрашувда ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар, дуч келаётган муаммолар юзасидан вилоят раҳбарига мурожаат қилди. Йигит-қизларнинг бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, замонавий ахборот технологияларидан, жумладан, сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича мурожаатларининг қаноатлантирилиши айтилди.
Вилоятда китобхон ёшлар сафини кенгайтириш мақсадида вилоят ҳокимининг соврини учун ёш китобхонлар танлови ўтказилиши белгиланди.

***
Самарқанд вилояти прокурори М.Эшназаров вилоят якка курашга ихтисослаштирилган спорт мактабида спортчилар учун яратилган шароитларни ўрганди ҳамда спорт мактаби раҳбарияти ва тажрибали тренерлар билан суҳбатлашди.
Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва ушбу спорт турларини оммалаштириш, спортчилар учун зарур шароитлар яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

***
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ташаббуси билан самарқандлик фаол хотин-қизлар ҳамда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар бекалари иштирокида Халқаро хотин-қизлар куни олдидан байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбирда бир гуруҳ аёлларга касаба уюшмалари ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасининг эсдалик совғалари, юртимизнинг тарихий шаҳарларига саёҳат учун йўлланмалар берилди.

***
“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамкорлигида пилла етиштириш мавсуми олдидан ипак қурти парваришлаш ва тутчилик соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланиш масалаларига бағишланган ўқув-амалий семинар ўтказилди.

Семинарда бу йилги мавсумда эътибор қаратилиши лозим бўлган тармоқда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва ижтимоий муҳофаза қилиш, шартномаларни белгиланган муддатларда имзолаш ва ҳақ тўлаш, ипак қурти парваришлаш бўйича Вьетнам давлати тажрибасидан самарали фойдаланиш каби масалалар юзасидан мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири