Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Самарқанд вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида узоқ муддат давомида даволанаётган болаларга умумий ўрта таълим бериш учун ташкил этилган “Меҳрли мактаб” давлат таълим муассасаси Самарқанд филиалида Янги йил байрами ташкил этилди.

Байрамда ушбу мактабда таҳсил олаётган 29 нафар ўқувчига Президент совғалари топширилди.
***
Аҳоли дастурхони тўкин-сочинлигини таъминлаш ва байрам олдидан нарх барқарорлигини сақлаш мақсадида вилоятдаги 21 та деҳқон бозорида арзонлаштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Ҳар бир бозордаги савдо ярмаркасига мева-сабзавот, гўшт, тухум ва бошқа маҳсулотлар фермер хўжаликлари, ишлаб чиқариш корхоналари томонидан кунлик келтирилиб, харидорларга арзон нархларда сотилмоқда.
***
Булунғур тумани ҳокими Самандар Астонов миграцияда бўлган туман хотин-қизлари билан онлайн мулоқот қилиб, уларнинг мурожаат ва таклифларини эшитди.
***

Нуробод тумани ҳокими С.Бердиқулов туман тиббиёт бирлашмасида даволанаётган бемор болалар ҳолидан хабар олиб, уларга байрам совғалари улашди. Шунингдек, ҳокимлик вакиллари ва сектор раҳбарлари уйда ётган беморлар, кексаларни йўқлаб, уларгп байрам совғаларини топширди.
***
“Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши “Кўчма арча” лойиҳаси доирасида вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказининг онкогематология бўлимида байрам тадбири уюштирди.

Партия фаоллари ва депутатлар бемор болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналартни байрам билан табриклаб, совғалар улашди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири