Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янги йил байрами муносабати билан барча туман ва шаҳарлар марказида, Самарқанд шаҳридаги Кўксарой майдони, Сартепа маскани, Темирйўл вокзали майдони, Кимёгарлар қўрғони ва Қорасув массивида байрам арчалари ўрнатилмоқда.
Мазкур ҳудудларда 20 декабрдан 2025 йил 10 январга қадар маданий дастурлар намойиш этилади, савдо ярмаркалари ўтказилади.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги Самарқанд шаҳрида “Энг чиройли арча”, “Энг яхши безатилган кўча”, “Энг яхши бино” каби номинациялар бўйича танлов эълон қилди.
***
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат таянчи, халқимиз фахри!” шиори остида ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида Самарқанд гарнизони Маънавият ва маърифат маркази ҳарбий оркестр жамоаси Регистон майдонида “Оркестр садоси” концерт дастурини тақдим этди.


Самарқанд давлат университетида мазкур ойлик муносабати билан Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ҳарбий-ватанпарварлик тадбири ўтказилди.
***
Янги йил байрамини муносиб кутиб олиш ҳамда ички туризмни ривожлантириш мақсадида белгиланган дам олиш кунларида Самарқанд шаҳридаги 20 та меҳмонхонада 10 фоиздан 20 фоизгача чегирмалар берилиши белгиланди.
Шу кунлари шаҳардаги тарихий-маданий ёдгорликлар, музейларга киришда ҳам чегирмалар берилиши кўзда тутилган.
***
Иштихон туман ҳокимлиги ташаббуси ва ҳомийлар ёрдамида тумандаги 36 та умумтаълим мактабига замонавий электрон доскалар тақдим этилди.

Ушбу электрон доскалар орқали турли видеодарслар, слайдлар ва бошқа интерактив материаллардан фойдаланиш мумкин.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири