Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов бир гуруҳ хитойлик тадбиркорларни қабул қилди.
Учрашувда энергетика соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Хитой компаниялари билан ҳамкорликда яшил энергетика, мини ГЭСлар қуриш, бутловчи қисмлар тайёрлаш, кондиционер ва музлаткичлар учун компрессорларни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлар билдирилди. Чин ўлкаси ишбилармонлари Самарқанд иқтисодиётига сармоя киритишга тайёрлигини маълум қилди.

***
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ва Самарқанд вилоят судлари томонидан “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Тадбирда Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев, Самарқанд вилояти суди раиси Олим Ҳайитов сўзга чиқиб, судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозимлигини таъкидлади. “Уч авлод учрашуви”нинг асосий мақсади ўз касбидан билими, ҳалоллиги, адолатлилиги билан эъзоз топган фахрийлар ҳаёт йўлини ибрат қилиб кўрсатиш, улар билан жонли мулоқот ташкил қилиш орқали ёшларни улуғ мақсадлар сари руҳлантириш эканлигини мисоллар билан изоҳлаб берди.
Суд фахрийлари узоқ йиллик иш фаолияти давомида орттирган билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди.

***
25 ноябрдан Самарқанд шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланувчи имтиёзли тоифага кирувчи йўловчилар – мактаб ўқувчилари, талабалар ва пенсиядаги шахсларга ижтимоий карталар орқали имтиёзли йўл ҳақи тўлов тизими жорий этилди.
Ушбу тоифадаги йўловчилар ижтимоий карталарни эллик фоиз имтиёз билан (140 минг сўм ўрнига 70 минг сўмга) харид қилиб, бир ой давомида шаҳар жамоат транспортидан фойдаланиши мумкин.

***
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Самарқанд вилоятида волейбол бўйича ички ишлар вазири кубоги республика финал босқичи “C” лига қизлар баҳслари бўлиб ўтди.

Мусобақа натижаларига кўра, 16-21 ёш тоифасида Самарқанд вилояти жамоаси, 22-30 ёш тоифасида Фарғона вилояти жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири