Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Вилоятдаги давлат идоралари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижроси бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили юзасидан семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд филиали масъуллари вилоятдаги раҳбар кадрларнинг мазкур қарорга нечоғлик риоя этаётгани ҳақида маълумот берди.

***
Самарқанд туман ҳокимлигида ўтказилган вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг сайёр қабулида бошқарма бошлиғи Я.Мирзараҳимов йигирмага яқин тадбиркорларнинг божхона тизими билан боғлиқ мурожаатларини эшитиб, уларга батафсил жавоб берди.
Шунингдек, экспорт-импорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат, техника ва технология, тўқимачилик каби йўналишлар бўйича берилаётган имтиёзлар тўғрисида сўз юритилди.

***
“Самарқанд сув таъминоти” акциядорлик жамияти раҳбари ўринбосари Асатулла Турсунов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида қайт этилишича, бугун вилоятдаги 828 маҳалла тўлиқ, 175 таси қисман марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. 120 та маҳалла аҳолиси эса ичимлик сувини бошқа манбалардан олади.
Жорий йилнинг биринчи ярмида корхона томонидан 35,8 километр сув тармоғи тортилиб, 35 та насос энергия тежамкорига алмаштирилган. Шунингдек Давлат дастури ижроси доирасида 8 та янги сув иншоотини қуриш, 2 та сув иншоотини реконструкция қилиш ҳамда 193 километр сув тармоғини қуриш бўйича берилган таклифлар асосида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

***
Олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун ўтказилаётган тест синовларининг бешинчи куни, яъни 18 июль биринчи навбатда 29251 нафар абитуриент имтиҳонда қатнашган, 2592 нафар абитуриент эса турли сабабларга кўра тестга келмаган.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Самарқанд вилояти бўлимининг маълум қилишича, тест синовлари бошланганидан буён 8 нафар абитуриент тақиқланган воситаларни олиб киришга урингани, 6 нафари тест қоидаларини бузгани, 3 нафари тақиқланган воситаларни ишлатгани сабабли тест синовларидан четлатилган.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири