Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Каттақўрғон шаҳар ички ишлар бўлимининг янги маъмурий биноси фойдаланишга топширилди.
Бинода жамоат хавфсизлиги бўлими, спорт зал, ходимларга психологик хизмат кўрсатиш хонаси, кутубхона, ўқув хонаси, маънавият-маърифат хонаси, ватанпарварлик бурчаги мавжуд.


Янги бинонинг очилиш маросимида иштирок этган Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов шахсий таркиб яратилган қулайлик ва имкониятлардан самарали фойдаланиб, халқимиз осойишталигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун сидқидилдан хизмат қилиши зарурлигини таъкидлади.
****
Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд вилояти филиалида қандли диабет иккинчи тур беморларини терапевтик ўқитиш миллий таълим мактабида шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш йўлга қўйилган.

Мактабнинг навбатдаги ўқув семинари Пайариқ тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида ўтказилди.
Тумандаги ҚВП ва оилавий шифокор пунктлари оилавий шифокорлари, патронаж ва амалиётчи ҳамширалар иштирок этган тадбирда марказ вилоят филиали врач-эндокринологи Аъзам Ҳамзаев скрининг ўтказишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар, қандли диабет 2-тури бўйича тушунча берди.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари Самарқанд шаҳридаги “Шарқ юлдузи” кинотеатрида намойиш этилаётган “Баҳодир Ялангтўш” тарихий-бадиий фильми томошасига таклиф этилди.
****
Каттақўрғон шаҳар драма театри ва Индонезия Республикаси пойтахти Жакарта шаҳридаги “Буми Пурнати” театри ҳамкорлигида “Имом Бухорий ва Сукарно” асари саҳналаштирилади.

Ушбу саҳна асарини ўзбекистонлик драматург ва ижодкорлар билан муҳокама қилиш учун “Буми Пурнати” театри раҳбари Ресту Кусуманингрум хоним бошчилигидаги ижодий гуруҳ юртимизга келди.
Меҳмонлар дастлаб Тошкент шаҳридаги театр ва маданият масканларида бўлиб, халқимизнинг бой маданияти, санъати тарихи ва бугунги куни билан қизиқди.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири