Самарқанд вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ҳоким “Жасорат мактаби”да
Шу кунларда Самарқанддаги Қуролли Кучлар кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида вилоятнинг шаҳар ва туманларида профилактик ҳисобда турган ҳамда тарбияси оғир, уюшмаган ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш мақсадида навбатдаги “Жасорат мактаби” ўқув-йиғини ўтказилмоқда.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов йиғинда иштирок этаётган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, уларнинг мурожаатларини эшитди. Ёшларни ўйлантираётган масалалар, муаммоларга ечим топиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.
Оқдарёдаги мактабга 250 миллион сўм мукофот берилади
Президент соврини учун ўтказилаётган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Унда танловда шаҳар ва туман босқичида ғолибликни қўлга киритган 16 мактаб жамоаси таркибида 80 нафар ўқувчи иштирок этди.
Қизиқарли баҳслар якунига кўра, биринчи ўрин ва 250 миллион сўмлик ваучерни Оқдарё туманидаги 45-умумтаълим мактаби ўқувчилари қўлга киритди. Иштихон туманидаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси иккинчи ва Каттақўрғон шаҳридаги 14-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби вакиллари учинчи ўринни эгаллади. Уларга 200 ва 150 миллион сўмлик пул мукофотлари бериладиган бўлди.
Сектор раҳбарлари ва котиблари тажриба алмашмоқда
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарлари ва котиблари учун навбатдаги амалий семинарлар бошланди.

Биринчи секторлар масъуллари иштирокидаги тадбир Булунғур туманида ўтказилди. Иштирокчилар туманнинг 1-секторида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Вилоятдаги учинчи сектор раҳбарларининг шу каби семинари Жомбой туманида ўтказилди.
Энг яхши ҳамширалар аниқланди
Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Ҳамшира–2024” кўрик-танловининг вилоят босқичида вилоятдаги тиббий муассасаларда фаолият кўрсатаётган 13 нафар ҳамшира беш шарт бўйича ўзаро баҳслашди.

Танлов якунига кўра, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали ҳамшираси Нодира Меликова биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.
Шунингдек, бир гуруҳ соҳа ходимлари “Йилнинг энг яхши ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходими” танловининг турли номинациялари бўйича мукофотланди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари