Самарқанд ва Юрмала – биродарлашган шаҳарлар
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва “Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамияти томонидан “Биродар Самарқанд ва Юрмала” мавзусида онлайн давра суҳбати ўтказилди.
Онлайн давра суҳбатини ўтказишдан мақсад икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва худудлараро алоқаларни янада ривожлантириш, Латвияда истиқомат қилаётган ватандошлар ва ҳамкорлар билан маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳамда дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашишдан иборат эди.
Қўмита раиси ўринбосари В.Тян Ўзбекистон дунёнинг турли давлатлари билан ўзаро манфаатли алоқаларни янада ривожлантираётгани, мамлакатимизда барча миллат вакиллари учун ўз маданияти, урф-одатини асраб-авайлаш, миллий қадриятларни сақлаб қолиш учун зарур шароитлар яратилганини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни хорижда намойиш этишда қўмита ва дўстлик жамиятлари, хусусан, “Ўзбекистон-Латвия” дўстлик жамияти томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Ресбуликасининг Латвия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Қ.Султонов икки мамлакат ўртасидаги алоқалар, хусусан, савдо, иқтисодий, таълим соҳалари, ҳамда ҳудудлараро алоқалар яхши ривожланаётганлигини таъкидлади.
Латвия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Р.Трокша Ўзбекистон ва Латвия ўртасида бошқа соҳалар қатори дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар ҳам ривожланганини таъкидлаб, Ўзбекистонни Марказий Осиёда энг барқарор ривожланаётган, улкан иқтисодий-ижтимоий салоҳиятга эга ҳамкор давлат сифатида кўришини, бунда икки мамлакат халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этишини айтди.
Учрашувда Самарқанд шаҳар ҳокимияти ва Юрмала шаҳри думаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланиши давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга катта туртки бўлганлиги таъкидланди.
Н.Усмонова, ЎзА