9 февраль куни Самарқанд давлат университети ва Япониянинг Сока университети ҳамкорлигида буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган онлайн халқаро анжуман ўтказилади.
Тадбирда Самарқанд ва Токиодан улуғ шоир адабий мероси тадқиқотчилари, тарғиботчилари, ғазал ихлосмандлари иштирок этади.
Ўзбекистоннинг Япониядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ғайрат Фозилов ва Сока университети ректори Йосихиса Баба Сока университетидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбар қўяди.
Халқаро конференцияда Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ва Сока университети ректори, профессор Йосихиса Бабанинг кириш сўзидан сўнг ҳар иккала томондан навоийшунос олимларнинг маърузалари тингланади.
Алишер Навоийнинг бой мероси, унда инсонийлик, халқлар дўстлиги алоҳида эътироф этилгани адабиёт мухлисларига яхши таниш. Бугунги кунда ўзбек ва япон халқларининг дўстона алоқалари ривожида мумтоз адабиётимизнинг, хусусан, Алишер Навоий ижодий меросининг ҳиссаси катта.
Самарқанд давлат университети Ахборот хизмати