Самарқанд ва Нара шаҳарлари биродарлашди
Ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, дўстона алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида маданиятлар чорраҳаси дея дунё эътирофига сазовор бўлиб келаётган кўҳна Самарқанд шаҳри жаҳоннинг кўплаб машҳур шаҳарлари билан биродарлик ришталарини йўлга қўйган. Боқий кентнинг биродарлашган шаҳарлари сони бугун яна биттага ортди.
Самарқанд шаҳри куни тадбирлари доирасида Япониянинг Нара шаҳри билан биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма, Нара шаҳри мэри Мотонобу Накагави ҳамда делегация аъзолари ўзаро мулоқот қилди.
[gallery-9179]
Мулоқот давомида томонлар шаҳарлар ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш ҳамда иқтисодиёт, туризм, илм-фан, маданият ва спорт каби бир қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, алоқаларни изчил йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишди.
– Биз биродар шаҳар номзодини узоқ ўйлаганмиз, – деди мулоқот давомида Нара шаҳри мэри Мотонобу Накагава. – Яъни йигирма йилдан буён бирор шаҳар билан бундай муносабат ўрнатмаганмиз ва якунда бизнинг танловимиз, бизга муносиб деб билганимиз Самарқанд бўлди. Бу жараёнлар уч йил олдин бошланган эди. Пандемия сабабли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бироз чўзилди. Қувонарлиси, Самарқанд шаҳри кунида биз буюк тарихга эга шаҳар билан биродарлашдик. Албатта, тарихи, маданияти узоқ ўтмишга бориб тақаладиган кўҳна шаҳар билан мустаҳкам дўстлик ришталарини боғлаймиз. Бу алоқалар ўзбек ва япон халқларининг ўзаро бирдамлигини мустаҳкамлаш, ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилади.
Учрашув якунида Нара ва Самарқанд шаҳарлари раҳбарлари ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида битим имзоланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА