Туркия Республикаси меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Ведат Ишикхан бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.
Меҳмонлар дастлаб Самарқанд шаҳридаги Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) шафелигида ташкил этилган Халқаро туризм академияси фаолияти билан танишди. Академияда тайёрланадиган мутахассислар, яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
Шу ерда Самарқанд вилояти расмийлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашилди. Мулоқот якунида Самарқанд ва Газиантеп шаҳарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
[gallery-23246]
– Самарқанд ва Газиантеп шаҳарларнинг ўзаро боғлиқ томонлари жуда кўп, – дейди Газиантеп шаҳри ҳокими Фатима Шаҳин. – Иккала шаҳар ҳам Буюк ипак йўлининг энг муҳим нуқталаридан ҳисобланади. Газиантеп Самарқанд каби тарихий шаҳар бўлиб, туризм соҳасида мамлакатда муҳим ўрин тутади. Шаҳримиз Европа яшил шаҳарлари орасида ўз ўрнига эга. Самарқандга келиб биринчи эътибор қаратган жиҳатим айнан яшиллик даражаси бўлди. Бу икки шаҳар ўртасида ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланиши томонлар учун бирдек манфаатли бўлади. Бугун Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров билан шаҳарларимиз ўртасида таълим, тиббиёт, туризм йўналишларида истиқболли ҳамкорликни амалга ошириш бўйича битим имзоладик. Ўйлайманки, бу ҳамкорлигимиз келгусида янада ривожланиб, барча соҳаларда узвий алоқалар ўрнатилишига хизмат қилади. Тарихан бир бўлган халқларимизнинг янада яқинулашувини таъминлайди.
Делегация Самарқанддаги Туркия Бош консулхонасига ташриф буюриб, унинг фаолияти билан яқиндан танишишди. Шундан сўнг Имом Бухорий мажмуаси ва шаҳардаги тарихий-маданий ёргорликлар зиёрат қилинди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари