Самарқанд саммити тарихий даврни бошлаб беради
Муносабат
Куни кеча давлатимиз раҳбарининг муҳим фикр-мулоҳаза ва таҳлилларини ўз ичига олган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” номли мақоласини ўқидим. Ундаги кўплаб масалалар эътиборимни тортди.
Аввало, мақоланинг маҳаллий ва хорижий нашрлар мухбир ва экспертлари, зиёлилар, кенг жамоатчилик томонидан қизиқиш билан қабул қилинганини таъкидлаш лозим. У кечанинг ўзида қатор давлат ОАВ ва интернет нашрларида эълон қилинди. Масалан, улар орасида Россия, Малайзия, Покистон, Эрон, Туркманистон, Қувайт ва бошқа қатор давлатлар бор. Унда илгари сурилган фикрлар юзасидан экспертлар ўз нуқтаи-назар ва муносабатларини билдиришмоқда.
Хусусан, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти томонидан амалга оширилаётган фаолият, унинг имкониятлари ва истиқболлари тўғрисида аниқ ва батафсил баён қилинади. Шу билан бирга, бугунги кунда дунёда рўй бераётган жараёнлар, глобал сиёсий жараёнлар, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг роли, давлатларнинг ўзаро муносабатлари ёритилганини кўриш мумкин.
Президент ҳозирги даврда дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли қайси эканини айтиб ўтган. Яъни бу, конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир. Дарҳақиқат, бугунги кунда халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормалари ўз таъсирини йўқотиб бормоқда. Буни дунёда рўй бераётган сиёсий жараёнлар таҳлили ҳам намоён қиляпти. Шундай вазиятда ШҲТга қизиқиш билдираётган ва унга аъзо бўлиш истагидаги давлатларнинг ортиб бораётганини ижобий баҳолаш мумкин. Айнан Самарқанд шаҳрида бўладиган саммит ШҲТнинг трасформация ва юксалиши учун тарихий даврни бошлаб беради, десам ҳеч муболаға бўлмайди.
Мақолада яна бир диққатимни тортган жиҳат бу “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади” – деган шиорнинг таъкидланиши. Ўз мамлакатимиз мисолида таҳлил қиладиган бўлсак ҳам иқтисодий, сиёсий, мудофаа, хавфсизлик, ҳуқуқий, қўйингки, ҳар тарафлама ривожлансагина кейин кучли бўла оламиз. Бунинг учун ҳар бир шахс кучли бўлиши зарур. Шахс кучли бўлса, жамият кучли бўлади, давлат кучли бўлади.
Шунингдек, мақолада қўшни Афғонистон халқи ҳар қачонгидан ҳам давлатларнинг ёрдамига муҳтож эканига эътибор қаратилган. Афғонистон ШҲТга аъзо бўлмасада, давлат раҳбарларининг минтақадаги вазиятга жиддий эътибор қаратиш зарур экани намоён бўлади.
Мухтасар айтганда, 2 кундан сўнг барчамиз йирик анжуманга бўламиз. Унда имзоланиши кутилаётган ҳужжатларда халқимиз турмуш сифати ва фаровонлигининг янада ошиши йўлидаги қадамлардан бири бўлишидан умидвормиз.
Анваржон Миркомилов,
Тараққиёт стратегияси маркази бош мутахассиси.
ЎзА