Самарқанд шаҳрида миллий анъана ва қадриятларимиз, бой маданиятимиз ва тўкин дастурхонимиз рамзи бўлган нон фестивали ўтказилмоқда.
Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, шунингдек, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган йигирмадан ортиқ новвой Ислом Каримов кўчасида тандир ўрнатиб, Самарқанд нонларини пиширмоқда.
Фестивалнинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А. Бобоев, адлия вазири А. Тошқулов иштирок этиб, иштирокчилар ва меҳмонларни табриклади.
– Самарқанд нони азалдан бу қадимий ва ҳамиша навқирон шаҳар номи билан бирга дунёга машҳур бўлиб, тиллардан тилларга кўчган, Самарқанднинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган, десак муболаға бўлмайди, – деди А. Бобоев. –
Бугун вилоятимизда юзлаб уста новвойларимиз ота-боболари, момоларидан мерос бу ҳунарни давом эттириб, қуёш каби ёрқин, иссиқ ва хуштаъм Самарқанд нонларини тайёрлаб, элимиз дастурхони тўкин-сочинлигини таъминламоқда, хорижлик сайёҳларнинг эътибор ва эътирофини қозонмоқда.
Шу йилнинг февраль ойида дунёга машҳур Самарқанд нони географик кўрсаткич сифатида Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Эндиликда Самарқанд нонини ЮНЕСКОнинг ноёб моддий маданият мероси сифатида эътироф этиш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шу жиҳатдан мазкур фестиваль Самарқанднинг ўзига хос бренди даражасига кўтариладиган туристик тадбирлардан бирига айланиши таъкидланди.
[gallery-23418]
Фестиваль фақатгина нон ва нон маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмларини намойиш этишдан иборат эмас, балки қадимий нонвойлик анъаналарини тиклаш ва ёш авлодга етказиш, Самарқанднинг маданий меросини жаҳонга танитиш, ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, туризм соҳасини ривожлантиришга ҳисса қўшиш, халқимизнинг бой маънавий қадриятларини мустаҳкамлаш учун ажойиб имкониятдир.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари