Самарқанд мулоқоти Марказий Осиёнинг дунёдаги овозига айланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “С5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – ташқи ишлар вазири Рашид Мередов, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев ва Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.
Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – ташқи ишлар вазири Рашид Мередов суҳбат аввалида давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражалардаги алоқалар жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда икки мамлакат муносабатлари тарихида янги механизм – Олий даражадаги стратегик шериклик кенгаши тузилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари изчил ошиб бормоқда. “Шовот – Тошовуз” чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Қайд этилганидек, ўн бир йил аввал бошланган мулоқот бугун Марказий Осиёнинг дунёдаги овозига айланди.
– Бугун “Марказий Осиё плюс” форматлари дунё миқёсида нақадар катта ғурур билан янграмоқда. Биз биргаликда жуда кўп ишларни амалга оширяпмиз, – деди Президент Шавкат Мирзиёев Туркманистон делегацияси билан учрашувда.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик бўйича олий кенгашни намуна сифатида кўрсатаётганини таъкидлади.
Туркманистон вазири эса Самарқанддаги учрашувнинг тарихий рамзига эътибор қаратди.
– Айнан шу шаҳарда 2015 йил ноябрь ойида “C5+1” форматига асос солинган. Орадан ўн бир йил ўтиб, яна Самарқандда учрашаётганимиз биз учун алоҳида аҳамиятга эга, – деди у.
Олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда учинчи Ҳудудлар форуми ва Туркманистон шаҳарларида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди учрашув аввалида давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Президент Администрациялари, парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқалар юксак баҳоланди.
Товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва экология соҳаларида муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Самарали маданий-гуманитар алмашинувлар йўлга қўйилган.
Илгари битта учрашувга бир ой давомида тайёргарлик кўрилар эди. Бугун эса мулоқотсиз ўтаётган ҳафтанинг ўзи йўқ!
Президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон делегацияси билан бўлиб ўтган учрашувда икки мамлакат муносабатлари қанчалик ўзгарганини айнан шу мисол билан ифодалади.
– Ҳурматли Қосим-Жомарт Кемелевич билан муносабатларимиз мутлақо янги босқичга кўтарилди. Ҳатто энг мураккаб масалаларда ҳам биргаликда тўғри ечимлар топяпмиз, – деди давлатимиз раҳбари.

Учрашув давомида, шунингдек, Майамида бўлиб ўтадиган G20 саммити ҳақида ҳам эътиборга молик фикрлар билдирилди.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда келгуси йилга мўлжалланган тадбирлар режасини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев мамлакатимиз етакчисига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Президентимизнинг жорий йил июль ойида Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий ўсиш суръати, етакчи корхоналар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперация алоқалари йўлга қўйилгани, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик минтақавий лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев икки мамлакатнинг яқинлашуви, иқтисодий ҳамкорлик ҳамда иттифоқчилик муносабатлари ҳақида тўхталиб ўтди.
– Халқларимиз йилдан-йилга бир-бирига тобора яқинлашиб бораётганимизни амалда ҳис қилиши керак. Бир миллиард долларлик товар айирбошлаш ҳажми – бу ҳали чегара эмас. Агар тизимли саноат кооперациясини йўлга қўйсак, 5 миллиард долларлик маррага эришиш ҳам мутлақо реалдир, – деди давлатимиз раҳбари.

Мулоқот давомида Президентнинг “Бизга кучли Қирғизистон керак!” деган сўзлари яна бир бор янгради.
– Мен ўшанда буни баралла айтган эдим. Ўзбекистон Президенти сифатида шуни таъкидлайманки, бундан ўзбек халқи фақат хурсанд бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Қирғизистон ташқи ишлар вазири эса Президентнинг Чўлпонотага давлат ташрифини тарихий деб атаб, айнан унинг сиёсий иродаси туфайли икки мамлакат муносабатлари иттифоқчилик даражасига кўтарилганини таъкидлади.
Келгуси йилга мўлжалланган маданий-гуманитар тадбирлар ва ҳудудлар даражасидаги алмашинувлар режасини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин учрашув аввалида давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.
– Президентлигимнинг илк кунлариданоқ Тожикистон билан муносабатлар мен учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Ўзингиз биласиз, биз жуда катта ишларни амалга оширдик. Илгари чегаралар ёпиқ эди. Бугунгидек савдо айланмаси ҳам, бундай яқин муносабатлар ҳам йўқ эди.
Ўзбекистон ва Тожикистонда бир-бири билан қариндошлик ришталари орқали боғланмаган оиланинг ўзи деярли йўқ.
ID-карталар орқали чегарадан ўтиш тизимини жорий этишни ҳам тезлаштиришимиз керак. Чунки юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда ва бу масалани ҳал қилишга реал эҳтиёж мавжуд, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек, ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди.
Маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари