Италиянинг Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.
Вилоят ҳокими Адиз Бобоев меҳмонларни Самарқандга ташрифи билан қутлаб, яқинда Италия Бош вазири Жоржа Мелони хонимнинг юртимизга ташрифи ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан самарали музокаралари икки давлат ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Самарқанд вилоят раҳбари Италиянинг ривожланган минтақаларидан бири бўлган Ломбардия нафақат ушбу мамлакат, балки Европа иқтисодиётида ҳам муҳим ўринга эгалигини таъкидлаб, ушбу вилоят билан турли соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари ҳақида сўз юритди. Самарқанднинг иқтисодий имкониятлари, инвестицион қулайликларига алоҳида тўхталди.
Хусусан, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, мебелсозлик, электротехника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм каби йўналишларда икки томон учун ҳам манфаатли ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, меҳнат миграцияси масаласида яқинда давлат раҳбарлари келишувига кўра, 2026 йилдан бошлаб машинасозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда малакали мутахассислар учун 1500 квота ажратилаётгани мамнуният билан қайд этилди. Адиз Бобоев ресторан бизнеси, тиббиёт ва бошқа талаб юқори йўналишларда кадрлар тайёрлаш, чет тилларини ўрганиш учун ихтисослаштирилган ўқув марказлари ташкил этиш таклифини билдирди.
Губернатор Аттилио Фонтана учрашувда билдирилган таклифларни қўллаб-қувватлашини билдириб, Самарқанд вилояти билан кенг кўламли иқтисодий ва маданий ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрлигини таъкидлади.
Шундан сўнг вилоятлар раҳбарлари Самарқанд вилояти ва Ломбардия ишбилармон доираларининг юздан ортиқ вакилларини жамлаган савдо-иқтисодий, маданий ва туристик форумда иштирок этди. Адиз Бобоев Ломбардия билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича ушбу вилоят тадбиркорларини Самарқандда ишлашга таклиф қилди. Вилоят иқтисодиётининг турли тармоқларида қўшма лойиҳалар портфелини кўпайтириш, Италиянинг илғор технологиялари ва сармояларини жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир якунида Самарқанд ва Ломбардия вилоятлари ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, томонларнинг узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришга келишиб олинди.
Форум доирасида икки вилоят тадбиркорлари ўртасида B2B ва G2B форматида музокаралар ўтказилиб, қурилиш, қишлоқ хўжалиги, электротехника, мебель, нефть-газ ва енгил саноат йўналишларида умумий қиймати 112 миллион АҚШ долларига тенг 11 лойиҳа бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, Самарқанд давлат тиббиёт университети ва Ломбардия вилояти ҳукумати ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланди.
[gallery-23893]
Италия делегацияси Самарқанд халқаро туризм марказидаги Конгресс маркази ва “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида бўлиб, ўзбек халқининг бой маданий меросини акс эттирувчи кўргазмалар, ҳунармандчилик ва амалий санъат намуналарини, шунингдек, шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойларини томоша қилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари