Самарқанд глобал конференциясида Сенат Раиси муҳим учта устувор йўналишни таклиф қилди
Самарқандда бўлиб ўтаётган Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференциясида Ўзбекистон аҳолиси қарийб 39 миллион нафарга етгани, унинг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этиши алоҳида таъкидланди.
Бу рақамлар ёшлар масаласи мамлакатимиз учун шунчаки демографик кўрсаткич эмас, балки миллий тараққиётимизни белгилайдиган стратегик омил эканини яққол кўрсатади.
Глобал конференцияда Сенат Раиси Танзила Норбоева Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёшларга оид давлат сиёсати алоҳида бир соҳа доирасидан чиқиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг узвий қисмига айланганини алоҳида таъкидлади. Янги таҳрирдаги Конституцияда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг сифатли таълим олиши, меҳнат қилиши, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши ҳамда давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун муҳим кафолатлар мустаҳкамланди. «Ўзбекистон - 2030» стратегияси ва бошқа стратегик ҳужжатларда ҳам ёшлар манфаатлари устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
– Энг муҳими, бу сиёсат фақат ҳужжатларда акс этиб қолаётгани йўқ, – деди Т.Норбоева. – Таълимдан бандликкача, тадбиркорликдан ижтимоий ҳимоягача, рақамли тараққиётдан маданий юксалишгача бўлган ислоҳотларнинг барчасида ёшларнинг эҳтиёжлари, орзу-интилишлари ва келажаги устувор аҳамият касб этмоқда. Олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёшлар сони 3,5 миллион нафардан ошгани, илмий даражага эга ёш олимларимиз улуши икки баробар ортгани қувонарли натижадир. Ёшларнинг тадбиркорлар сафидаги улуши 35 фоизга етгани эса улар тобора мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланаётганидан далолат беради.

Бу жараёнда Олий Мажлис палаталари ҳузуридаги Ёшлар парламентлари алоҳида ўрин тутади. Улар ёш авлод билан миллий парламент ўртасидаги самарали мулоқот ва ҳамкорлик майдонига айланди. Улар қонун лойиҳалари муҳокамалари, парламент қўмиталари йиғилишлари ва назорат-таҳлил тадбирларида фаол иштирок этиб, ёшларни ўйлантираётган масалалар юзасидан аниқ ва амалий таклифларни илгари сурмоқда.
Ўзбекистоннинг ёшларга оид сиёсати халқаро ҳамжамият томонидан ҳам муносиб эътироф этилмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг «Ёшлар - 2030» стратегиясини амалга оширишда фаол иштирок этаётган давлатлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Президентимиз ташаббуслари асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 15 махсус резолюцияси қабул қилингани ҳам халқаро майдондаги Ўзбекистон ташаббуслари юксак аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Уларнинг иккитаси бевосита парламентларнинг ролини кучайтиришга бағишлангани эса бугунги мулоқот мавзуси билан чамбарчас боғлиқ.

Жорий йил 24 июль куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш» тўғрисидаги янги резолюцияни қабул қилди. Ушбу ҳужжат парламентларни ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб меҳнат ва сифатли таълимни таъминлаш, шунингдек, хотин-қизлар ва ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга даъват этади.
Конференция мавзусидан келиб чиқиб, Сенат Раиси муҳим учта устувор йўналишни таклиф қилди. Жумладан, ёшларни сиёсатнинг объекти эмас, қарорларнинг ҳаммуаллифига айлантириш, ҳуқуқларни аниқ ҳимоя механизмлари билан таъминлаш, ҳуқуқларни реал имкониятларга айлантиришга оид муҳим йўналишлар бўйича аниқ таклифларни баён этди.
Тадбирда Парламентлараро иттифоқ турли сиёсий тизим ва қарашларга эга парламентларни умумий мақсадлар атрофида бирлаштира оладиган ноёб глобал майдон экани, ушбу конференцияда билдирилган таклифлар тузилма фаолиятида ҳам, миллий парламентлар ишида ҳам ўзининг амалий ифодасини топишига ишонч билдирилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА