Самарқанд глобал конференцияси: ёшларнинг иқтисодий ҳуқуқлари, зўравонликка барҳам бериш ва очиқ мулоқот
Самарқандда ўтказилган Парламентлараро иттифоқ (ПИ) Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси биринчи иш кунида учта сессия ташкил этилиб, унда ёшлар ҳуқуқлари, рақамли макон ва иқлим ўзгариши масалалари муҳокама қилинди. Халқаро тадбирнинг иккинчи иш кунида яна учта сессия ташкил этилди.
“Ноаниқ келажак шароитида ёшларнинг иқтисодий ҳуқуқлари ва бандлигини таъминлаш” мавзусидаги сессияда иқтисодий ўзгаришлар ва меҳнат бозоридаги янги талаблар ёшлар учун муносиб иш ўринлари яратиш, адолатли меҳнат шароитларини таъминлаш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришни талаб этаётгани қайд этилди.
Тақдимотларда ёшларнинг муносиб меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлаш, адолатли иш ҳақи ва ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Парламентларнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги роли кўриб чиқилди. Хусусан, муносиб меҳнат, тенгсизликни қисқартириш ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлаш борасида парламентлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда истиқболдаги вазифалар юзасидан фикр алмашилди.
Муҳокама якунида ёшларнинг иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш ва улар учун тенг имкониятлар яратишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.

“Хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда уларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш” мавзусидаги сессияда гендер тенглик, ёшларнинг қарорлар қабул қилиш жараёнларидаги иштироки ва вакиллик органларида уларнинг овозини кучайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
ПИ томонидан тайёрланган ёшларнинг миллий парламентлардаги иштирокига бағишланган сўнгги ҳисобот тақдимоти ўтказилди. Сиёсий жараёнларда тенг иштирок этиш имконияти демократик жамиятнинг муҳим кўрсаткичларидан бири экани қайд этилди. Айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсий қарорлар қабул қилишдаги иштироки уларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жамиятда инклюзивликни таъминлаш ва замонавий таҳдидларга мос қарорлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Хотин-қизлар ва ёшларга нисбатан зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз муносабатни шакллантириш, жабрланганларни ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш ва ҳуқуқий кафолатларни янада такомиллаштириш бўйича халқаро тажриба юзасидан фикр алмашилди.
Сессия якунида ёшлар ва хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, уларнинг парламентлар ва бошқа вакиллик органларида муносиб иштирокини рағбатлантириш ҳамда зўравонликнинг олдини олиш бўйича самарали чораларни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Тренинг ва эркин конференция шаклида параллел сессиялар ташкил этилди.
WYDE тренингида хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш, ушбу йўналишда самарали сиёсат ва қонунчилик механизмларини такомиллаштириш, парламентларнинг роли ҳамда манфаатдор томонлар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Эркин конференция шаклида парламентлар вакиллари томонидан илгари сурилган ташаббуслар асосида ишчи гуруҳлар фаолияти ташкил этилди. Мавзулари танланган ёш парламент аъзолари ушбу гуруҳларда сессия модераторлари сифатида иштирок этиб, муҳокамани бошқариб борди.
Бундай очиқ мулоқот майдони ёш парламент аъзоларига ўз мамлакатлари ва парламентларидаги тажрибаларни ўзаро муҳокама қилиш, янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, умумий ечимларни ишлаб чиқиш имконини берди.
Н.Абдураимова,
А.Исроилов (сурат),
ЎзА