Бугунги глобаллашув даврида тиббиёт соҳасини мамлакатлараро илмий ҳамкорликсиз тасаввур этиб бўлмайди. Илм-фан ва инновациялар ривожи, мутахассислар алмашинуви ҳамда илғор тажрибаларни ўзлаштириш ҳар қандай тиббий таълим муассасасининг рақобатбардошлигини белгиловчи асосий омиллардан. Шу нуқтаи назардан, Самарқанд давлат тиббиёт университетидаги муҳим учрашув халқаро миқёсда эътиборга лойиқ воқеа бўлди.
Хитойнинг етакчи олий таълим муассасаларидан бири Зҳежианг университети тиббиёт мактаби вакилларининг СамДТУга ташрифи икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш ва илмий тадқиқотлар соҳасида янги саҳифа очди.
Ташриф чоғида Зҳежианг университети тиббиёт мактабининг 4-шифохонаси вице-президенти Танг Зҳе бошчилигидаги делегацияни СамДТУ ректори, профессор Жасур Ризаев самимий кутиб олди. Учрашув давомида томонлар онкология соҳасида кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма илмий тадқиқотлар, инновацион технологияларни жорий этиш ҳамда талаба ва ходимлар алмашинуви дастурларини йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди.
Натижада, икки олийгоҳ ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалаларига қаратилган меморандум имзоланди. Мазкур ҳужжат ҳамкорликни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб, келгусидаги лойиҳалар учун мустаҳкам асос яратди.
Ташриф фақат расмий учрашувлар билан чекланиб қолмади. Хитойлик мутахассислар СамДТУ Онкология кафедрасида юқори технологик жарроҳлик амалиётларини намойиш этди. Жумладан, комбинирланган лапароскопик жигар резекцияси ва жигар радиоабляцияси амалиётлари бажарилиб, маҳорат дарси ўтказилди.
Бу амалий машғулотлар нафақат СамДТУ талабалари ва ўқитувчилари учун, балки бутун Ўзбекистон тиббиёт жамоатчилиги учун ўзига хос маҳорат дарси бўлди. Замонавий жарроҳлик техникаларининг бевосита жараёнини кузатиш, мутахассислардан амалий кўникмалар олиш ёш шифокорлар учун тажриба саналади.
Учрашув илмий ҳамкорликнинг самарали намунаси бўлди. Онкология соҳасида қўшма тадқиқотлар, амалий жарроҳлик бўйича тажриба алмашинуви ва кадрлар малакасини ошириш йўлидаги муҳим қадамлар бўлди.
Келгусида ушбу ҳамкорлик нафақат икки олийгоҳ, балки бутун Ўзбекистон тиббиёт тизими ривожига ижобий туртки бериши, беморлар учун сифатли тиббий хизматларнинг янада кенгайишига сабаб бўлиши кутилмоқда.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА