Картошка нафақат тўйимлилиги, балки шифобахшлиги билан ҳам ўзига хос. Унинг таркибида оқсил, ёғ, углеводлар, органик кислоталар, В1, В2, РР, С, D, K, E, A витаминлари, натрий, калий, магний, кальций, темир, фосфор, йод каби элементлар мавжуд.
Картошкачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги навлар яратиш бўйича Жаҳон картошкачилик маркази (CIP) билан ҳамкорликда ишланмоқда ва ботаник уруғлардан картошка етиштиришга катта аҳамият берилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамкорлигидаги умумий қиймати 195 минг доллар бўлган лойиҳа 2021-2023 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади, картошка ишлаб чиқариш соҳаси салоҳиятини оширишга қаратилган бўлиб, бунга навларни рўйхатга олиш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш, илмий тадқиқотлар йўналишини модернизациялаш, юқори сифатли картошка ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва тайёр маҳсулотларни омборхоналарда сақлаш шароитларини яхшилаш муҳим аҳамиятга эга.
Қишлоқ хўжалиги вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилшодбек Назиров маълумотларига кўра, Самарқанд илмий тажриба станциясида ҳозирги кунда помидор, ош лавлаги, ширин қалампир, ширин маккажўхори, қовун, қовоқ, тарвуз, кабачки, патиссон каби сабзавот ва полиз экинларининг янги навларини яратиш устида селексция ишлари ҳамда сабзавот ва полиз экинларини етиштиришда замонавий, инновацион ресурстежамкор технологияларни қўллаш бўйича илмий тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шунинг самараси улароқ, биргина 2023 йилда илмий тажриба станциясида 8 гектар майдонда картошка етиштирилган бўлса, гектарига ўртача ҳосилдорлик 35-40 тоннани, юқори ҳосилдорлик эса 50-52 тоннани ташкил қилмоқда. Илмий тажриба станциясида картошка ҳосилдорлиги йилдан йилга ошиб бормоқда.
Бунинг асосий сабабини алмашлаб экишнинг тўғри йўлга қуйилгани, картошка этиштиришда ўтмишдош экинлар тўғри танлангани, экиш муддати, меъёрига риоя қилиниши, энг асосийси, картошка етиштиришда инновацион ёндашиб, суғориш ва ўғитлашнинг, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш усуллари орқали бир пайтда ўтказилгани, ўсимликнинг ўсув даврида 2-3 бор таркибида микро ва макроэлементлар мавжуд бўлган озуқалар билан суспензия қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Далаларда етиштирилган картошка ҳосили 50-52 тоннани ташкил қилиб, картошка туганак вазни 2-2,2 килограммгача келмоқда. 2023 йил ҳосили учун 11 гектар майдонда картошканинг “Боғизоғон”, “Раноми”, “Эволюшин”, “Аризона”, “Силвана” ва “Лусинда” навлари етиштирилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, картошканинг Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия этилган 131 та нави давлат реестрига киритилган, шундан 19 таси маҳаллий илмий тадқиқот институтлари томонидан яратилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА