Самарали хизмат учун муносиб шароит
Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси нефть маҳсулотларини кузатиш батальони 1-отряди (Охунбобоев бекати)нинг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Ички ишлар вазирининг ўринбосари – Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-майор Баҳодир Мирзараҳимов, Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев иштирок этди.
Вазир ўринбосари отряд шахсий таркиби билан мулоқот ўтказиб, ҳар бир ходимни ҳушёр ва сергак бўлишга, зиммасидаги вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, хизмат интизомига қатъий риоя этишга чақирди.
Шундан сўнг рамзий лента қирқилиб, бинода яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Айтиш зарурки, бинода ходимларнинг самарали хизмат олиб бориши учун барча қулайликлар яратилган. Хоналарга замонавий мебель жиҳозлари, компьютер технологиялари ўрнатилган. Ошхона, дам олиш хоналари ташкил этилган.
Вазир ўринбосари бинодаги қулайликларни кўздан кечириб, яратилган бундай шарт-шароитларга жавобан сидқидилдан хизмат қилиш кераклигини таъкидлади.
Вазир ўринбосари Қўқон шаҳрида жойлашган Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ҳамда ушбу бошқарма таркибидаги Марғилон вокзалида хавфсизликни таъминлаш бўлинмасида ҳам бўлиб, ходимларнинг хизмат жараёни, бинодаги имконият ва шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
М. Сулаймонов, ЎзА