Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъуллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги вакилларига Жамғарма маблағлари тижорат банклари орқали Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасида “Томорқа хизмати” МЧЖ, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги бошқа ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, таъминлаш, савдо ташкилотлари ҳамда лизинг компанияларига моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ хўжалиги техникалари ва транспортларини сотиб олиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг иссиқхоналарини қуриш учун материаллар ва бутловчи қисмлар харид қилишга кредитлар асосида ажратилиши ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жумладан, 8152 та қишлоқ хўжалигидаги лойиҳаларига 172,3 млрд.сўм маблағлар ажратиб берилди. Шунингдек, Президентмизининг ҳудудларга ташрифи чоғида берилган топшириқлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасида боғдорчилик, узумчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан республиканинг 9 та ҳудудида 10 та йирик лойиҳани амалга ошириш учун жами 20,2 млрд.сўм сарфланиши, шундан Жамғарма маблағлари ҳисобидан 17,1 млрд.сўм ажратилиши белгиланган эди. Айни пайтда лойиҳаларни амалга ошириш учун Жамғарма томонидан 7,2 млрд.сўм маблағ ажратилди.
Учрашувда Ўзбекистонда JICA лойиҳаларини амалга оширишда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди ва келгусида Жамғарма орқали JICA томонидан республикамиздаги томорқа ер эгаларига маблағлар ажратилиши юзасидан келишиб олинди.
Маъруфжон Ўрозов,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси мутахассиси