Пойтахтимизда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатига ихтисослашган халқаро кўргазмалар очилди
“Ўзэкспомарказ”да қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда технологияларининг “Food Week Uzbekistan – 2016” ва “Agri Tek Uzbekistan – 2016” халқаро ихтисослашган кўргазмалари бошланди.
“Ўзэкспомарказ”да қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда технологияларининг “Food Week Uzbekistan – 2016” ва “Agri Tek Uzbekistan – 2016” халқаро ихтисослашган кўргазмалари бошланди.Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши ҳамда “Expo Position” халқаро кўргазма компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари билан бирга Хитой, Ҳиндистон, Япония, Италия, Германия каби ўндан ортиқ мамлакатдан элликка яқин компания ўз маҳсулот ва хизматлари билан иштирок этмоқда.
Кўргазмаларнинг очилишида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда бозор иқтисодиётини ривожлантириш, озиқ-овқат экинлари экиладиган майдонларни кенгайтириш, фермерлик ҳаракатини ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилган туб ислоҳотлар самарасида аҳоли жон бошига асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари – ғалла, гўшт, сут, тухум ва мева-сабзавотларнинг миқдори ва қайта ишлаш ҳажмлари кескин ошгани таъкидланди. Натижада барча асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари мамлакатимизда ишлаб чиқарилиб, озиқ-овқат мустақиллиги ва хавфсизлигига эришилди.
Бугунги кунда яратилган қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳити озиқ-овқат саноати ривожида муҳим омил бўлмоқда. Иқтисодиётимизга жалб этилаётган инвестицияларнинг асосий қисми ишлаб чиқариш объектларини қуриш, уларни энг илғор ускуналар билан жиҳозлашга йўналтирилмоқда. Натижада ишлаб чиқариш субъектлари сони 9 мингтадан ошди.
Соҳа корхоналари Австрия, Германия, Польша, Жанубий Корея, Хитой каби 20 дан зиёд хорижий мамлакатнинг энг замонавий технологик ускуналари билан жиҳозланган. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи туширилган маҳсулотларимиз дунёнинг 80 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. Мисол учун, охирги 10 йилда мева шарбатлари экспорти 2 баробар, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти ўртача 1,5 баробар кўпайди.
“Ўзбекозиқовқатхолдинг” компанияси таркибидаги корхоналар томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида 2 триллион 177,4 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. 3,1 миллиард сўмлик янги турдаги маҳсулотлар тайёрлаш ўзлаштирилди. 2020 йилга қадар 596 миллион долларлик 180 йирик лойиҳа фойдаланишга топширилади. Бунда асосий эътибор мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлашга мўлжалланган лойиҳаларга қаратилган.
Озиқ-овқат маҳсулотлари ва соҳа учун ускуналар, ўраш ва қадоқлаш технологиялари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси учун алоҳида бўлимлардан иборат мазкур кўргазмаларда иштирок этаётган тадбиркорларнинг аксарияти тегишли компаниялар мутахассислари билан ўзаро манфаатли шартномалар имзоламоқда.
– Биз Ўзбекистон бозорида сўнгги ўн йилда фаол иштирок этаётирмиз, – дейди Озарбайжоннинг “Azersun” компанияси вакили Элмар Мустафоев. – Корхонамиз кўп тармоқли бўлиб, чой, зайтун мойи, турли консерва маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Ўзбекистонда яратилган қулай сармоявий муҳит янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим омил бўлмоқда.
– Бугунги кўргазмаларда чорва ва паррандалар учун ем ишлаб чиқаришда қўл келувчи ускуналарни таклиф этаётирмиз, – дейди Германиянинг “K.H.Witte Аnlagenbau Gmbh & Co.KG” компаниясининг МДҲ бўйича минтақавий менежери Александр Вагнер. – Ўзбекистондаги ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида яқинда Самарқандда филиалимизни ишга туширдик. Бу ерда ускуналар ишлаб чиқариш билан бир қаторда ем маҳсулотлари ҳам тайёрланмоқда. Хоразмда ҳам янги лойиҳа бошлаш ниятидамиз.
Кўргазманинг озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати бўлимида тайёр маҳсулотлар билан бирга, хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда қўлланиладиган технологиялар, замонавий жиҳозлар тақдим этилган. Овқатланиш саноати учун зарур жиҳозларни юртимиздаги бир неча компаниялар намойиш этаётир. “Fibber” компанияси қирққа яқин турдаги қандолат маҳсулотларини, “Fayzizoda Foods” корхонаси бир неча турдаги чипсиларни, “Ғуломхўжа асалчилиги” фермер хўжалиги ўндан зиёд турдаги асал маҳсулотларини таклиф этмоқда.
Таклиф этилаётган технологияларнинг аксариятида «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи битилган. Кўргазмаларда маҳаллий технологиялар тури, сифати ва салмоғи сезиларли даражада ошган.
“Food Week Uzbekistan – 2016” ҳамда “Agri Tek Uzbekistan – 2016” халқаро ихтисослашган кўргазмалари мамлакатимиздаги фермерлар ва ишбилармонлар билан ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, замонавий техника ва технологияларни қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш, кичик корхоналар фаолиятини ривожлантириш, озиқ-овқат ва қайта ишлаш саноати корхоналари фаолиятини янада кенгайтиришга хизмат қилади.