Андижон вилояти судида оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашув ўтказилди. 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат ва нодавлат ташкилотлари матбуот хизматлари раҳбарлари иштирокида ташкил этилган тадбирда Андижон вилоят суди раиси Талъатжон Мелибоев соҳа вакиллари касб байрами билан табриклади.
Оммавий ахборот воситаларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, халқимизга тезкор ахборот етказиш, сўз эркинлиги ва очиқ-ошкораликни таъминлаш, айниқса, суд-ҳуқуқ тизимидаги янгиликлар, соҳага оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тарғиб этишдаги ўрни ва роли ниҳоятда катта эканлиги таъкидланди.
Учрашувда суд тизимидаги ислоҳотлар жараёни, соҳадаги демократик ўзгаришлар ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги ишларни ёритиш ва кенг тарғиб этиш, аҳолининг ҳуқуқий билимларини бойитишдаги самарали фаолият алоҳида эътироф этилди, суд идоралари ҳамда ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланиши айтиб ўтилди.
Якунда суд тизимидаги ислоҳотлар, олиб борилаётган ишларни кенг ёртишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари вакиллари ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА