Давлат фуқаролик хизмати – фуқаро ва давлат ўртасидаги муҳим кўприк ҳисобланади. Унинг самарали, адолатли ва шаффоф ташкил этилиши мамлакатда тенг имкониятлар, очиқлик ва ижтимоий ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сирдарё вилоятида давлат хизматини ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қўлга киритилаётган натижалар Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан ўтказилган матбуот анжуманида атрофлича ёритилди.

Агентлик вилоят филиали раҳбари Отабек Мавлонбердиев маълум қилишича, ҳозирги кунда вилоятда 3 280 та давлат фуқаролик хизмати лавозими мавжуд бўлиб, уларнинг 3 179 таси банд этилган. Хизматчиларнинг 45 фоизини 31–40 ёшлилар, 20 фоизини эса 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Аёллар сони 515 нафарга етган бўлиб, улардан 54 нафари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Шунингдек, 203 нафар ёш мутахассис раҳбарлик вазифасини бажармоқда.
2020–2025 йиллар давомида жами 8 793 та вакант лавозим бўйича очиқ танловлар ташкил этилди. Уларда 161 мингга яқин номзод иштирок этди ва натижада 3 653 нафар мутахассис ишга қабул қилинди. Улар орасида 455 нафар киши илк бор давлат хизматига кирди. Жорий йилнинг дастлабки 5 ойи мобайнида эса 283 нафар мутахассис танлов орқали ишга жойлашди.

Шу билан бирга, қонунбузарлик ҳолатлари ҳам аниқланган. 2025 йил бошидан буён 19 та ҳолатда танловсиз ишга қабул қилиш ҳолатлари қайд этилган. Бундай ҳолатларга йўл қўйган ташкилотлар қаторида Маданият ва Инвестициялар бошқармалари, шунингдек Пенсия жамғармаси каби идоралар бор. Айниқса, сўнгги ҳолатда ўтказилган ноқонуний танлов натижалари бекор қилинди. 2025 йил 15 мартдан эътиборан вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларида фақат очиқ танлов орқали ишга қабул қилиш тартиби жорий этилди.

– Агентлик томонидан йирик давлат ташкилотлари фаолияти ўрганилиб, хизматчилар учун яратилган меҳнат шароитлари доимий мониторинг қилиняпти. Жорий йилда 12 марта ўтказилган мониторинг жараёнларида 145 та қонунбузарлик ҳолати аниқланди, – дейди Отабек Мавлонбердиев. – Масалан, Ғазначилик бошқармасида 6 нафар ходим қўшимча меҳнат таътили ҳуқуқидан маҳрум этилган. Бу ҳолат бартараф этилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан 10 та тақдимнома, 4 та огоҳлантириш хати юборилиб, 1 та маъмурий чора кўрилди.
Филиал давлат хизматчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун қулай ва қонуний меҳнат муҳитини шакллантириш бўйича изчил чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Қонунбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш назорат самарадорлигини оширмоқда. Бироқ айрим ташкилотларда ҳали ҳам ишга қабул қилиш жараёнларида етарли шаффофлик таъминланмагани ислоҳотларни янада чуқурлаштириш зарурлигини кўрсатади.

2025 йилнинг биринчи ярмида давлат хизматчиларининг касбий салоҳиятини ошириш мақсадида кенг қамровли ўқув дастурлари амалга оширилди. Давлат бошқаруви академияси ва унинг Гулистон шаҳридаги филиали ҳамкорлигида 12 та курс ташкил этилиб, 1 858 нафар хизматчи қамраб олинди. Шунингдек, “edu.argos.uz” онлайн платформаси орқали 4 121 нафар ходим ўз малакасини оширди. Ўқувларда этика, бошқарув компетенцияларини шакллантириш, рақамли бошқарув ва “яшил энергетика” каби долзарб мавзулар қамраб олинди.
Ёшлар ва хотин-қизларни давлат бошқарувига жалб этиш борасида мақсадли дастурлар жорий қилинган. Жумладан, 3 нафар ёш мутахассис Германиянинг “Ханнс Зайдел” жамғармаси ҳамкорлигидаги “Ҳокимликка тайёрлаш мактаби”да, 5 нафар аёл “Раҳбар аёллар мактаби”да, 2 нафар мутахассис эса “Ёш лидерлар” курсларида иштирок этди. Шунингдек, ҳар жума куни “Сиёсий (маърифат) соати” доирасида маҳаллий давлат органлари раҳбарлари иштирокида сиёсий ва ҳуқуқий саводхонликни ошириш мақсадида учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
Кадрлар сиёсати доирасида малакали мутахассислар захирасини шакллантириш ишлари изчил олиб борилмоқда. Республика комиссияси билан ҳамкорликда Миллий, Истиқболли ва Салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилмоқда. Ҳар йили икки марта янгиланадиган ушбу рўйхатга ҳозирда 75 нафар вилоят, 83 нафар туман ҳамда 26 нафар “Маҳалла учлиги” лавозимлари учун номзодлар киритилган. 2025 йилнинг биринчи ярмида захирадан 15 нафар мутахассис раҳбарлик лавозимига тайинланди.
Кадрларнинг самарадорлиги ва ривожланишини баҳолаш мақсадида “zaxira.argos.uz” электрон платформаси орқали доимий мониторинг ўтказиб келинмоқда. Захирадаги кадрлар учун малака ошириш, стажировка ва дублёрлик дастурлари жорий қилинган. Жорий йилда Германия, Хитой ва Кореяда ташкил этилган хорижий стажировкалар ушбу фаолиятнинг самарали ва халқаро миқёсда амалга оширилаётганини кўрсатади.
Бошқарув самарадорлигини ошириш мақсадида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг фаолияти "samaradorlik.uz” электрон платформаси орқали баҳоланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 31 июлдаги 463-сонли қарорига асосан, ҳозирда вилоятдаги 63 нафар туман ва шаҳар ҳокими ўринбосарининг фаолияти ҳар чорак ва йил якунида баҳоланмоқда. Улар томонидан ишлаб чиқилган ойлик режалар платформада тасдиқланиб, бажарилиши мунтазам мониторинг қилинади. Текширувлар давомида 6 та ҳокимликда камчиликлар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
– Кадрлар сиёсатини такомиллаштириш доирасида лойиқликка асосланган баҳолаш тизими жорий этилган. Аттестация жараёнларида 58 нафар раҳбар қатнашди ва улардан 55 нафари баҳоланди. Натижада 42 нафар раҳбар ижобий хулоса олди, 13 нафар раҳбар эса белгиланган талабларга жавоб бермагани учун улар иши қайта кўриб чиқилади, – деди Отабек Мавлонбердиев.
Давлат хизматини янада жозибадор қилиш, айниқса ёшлар ва хотин-қизларни бу соҳада фаол иштирокини таъминлаш мақсадида қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Жумладан, фаол аёллар ўртасида илк марта ташкил этилган “Заковат” интеллектуал ўйинида 21 жамоа таркибида 105 нафар иштирокчи қатнашди. Шунингдек, битирувчи курс талабалари учун “Карьера куни” тадбирлари ўтказилиб, улар давлат хизматига кириш тартиби ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. Хотин-қизлар учун ташкил этилган семинар-тренинглар етакчилик салоҳияти, нутқ маданияти ва стратегик фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилди.
Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар, кадрлар сиёсатидаги очиқлик ва шаффофлик, ёшлар ҳамда хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар – давлат хизматини ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим қадамлар бўлиб хизмат қилмоқда.
Энг муҳими, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти филиалида ўтказилган матбуот анжумани очиқлик, шаффофлик ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда маҳаллий ва республика оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар фаол иштирок этишди. Улар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар эса амалиётга татбиқ этиш учун инобатга олинди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири