Самарали бошқарув – давр талаби
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида ташкилотларни самарали бошқаришга кўмаклашадиган маълумотлар тақдим этиш, прогноз ва таҳлил қилишга ёрдам берадиган илғор ечимлар ҳамда ишланмаларга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасида ташкилотларни самарали бошқаришга кўмаклашадиган маълумотлар тақдим этиш, прогноз ва таҳлил қилишга ёрдам берадиган илғор ечимлар ҳамда ишланмаларга бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.Тадбирда Савдо-саноат палатаси, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти, давлат ташкилотлари, саноат корхоналари вакиллари, коммунал хизмат кўрсатувчилар, корхоналарни бошқариш бўйича ахборот тизимларини ишлаб чиқувчи мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи А.Икромовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда корхона ва ташкилотларни бошқариш янада фаолликни талаб этмоқда. Бинобарин, ҳар қандай ташкилот ёки корхона имкониятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини берадиган бошқарув ахборот тизимларини жорий этиш бизнесни ривожлантиришнинг муҳим воситаларидан биридир.
Президентимизнинг 2013 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг Миллий ахборот-коммуникация тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда давлат ташкилотлари фаолиятига турли ахборот тизимлари фаол жорий этилмоқда. Айни пайтда турли бошқарув жараёнларини автоматлаштириш ва қоғозли ҳужжат алмашинувини қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилаётгани айнан шу мақсадларга қаратилган.
Ташкилотлар фаолиятига замонавий бошқарув ахборот тизимларини жорий этиш имкониятлари семинар иштирокчиларининг эътиборини тортди. Масалан, иш жараёнида мутахассисларда кўплаб турли маълумотлар тўпланиб қолади. Аксарият ташкилотларда яқин вақтгача бундай маълумотлар қоғоз шаклида сақланар, маълумотларни қайта ишлаш учун барча архив ҳужжатларини кўриб чиқишга тўғри келарди. Ахборот тизимларининг асосий вазифаси барча ресурсларни самарали бошқаришни таъминлаш мақсадида маълумотларни электрон шаклда тўплаш, уларга ишлов бериш, сақлаш ва таҳлил қилиш, ташкилотни бошқариш учун ахборот ва технологик муҳитни яратишдан иборат.
Тадбир доирасида «Visiology» масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган янги «Visiology» таҳлил тизимининг тақдимоти ўтказилди. Ушбу тизим ташкилот фаолиятига оид маълумотларни кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, турли йўналишлар бўйича тақдим этиладиган ҳисоботларни шакллантириш имконини беради. Бундан ташқари, мутахассисларга корхонанинг барча-бизнес жараёнлари, операцияларни режалаштириш, амалга ошириш, рўйхатга олиш ва таҳлил қилиш учун зарур ишончли маълумотларни тақдим этади.
Семинар якунида давлат ташкилотлари фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш истиқболлари муҳокама қилинди.