Самарқандда Zarnews.uz ни ўқишади
Самарқанд вилоятидаги оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлар ва блогерлар ҳақидаги гап кетганда, албатта, Zarnews.uz сайти ва телеграм канали тилга олинади.
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
Самарқанд вилоятидаги оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлар ва блогерлар ҳақидаги гап кетганда, албатта, Zarnews.uz сайти ва телеграм канали тилга олинади.
– Zarnews.uz дастлаб газеталаримиз сайти сифатида унда нашрларимизда чоп этилган хабар ва мақолаларни эълон қилардик, – дейди «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев. – Лекин бу ҳозирга шиддаткор замон талабига жавоб бермас экан, яъни сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларни доимий янгилаб, янгиликлар, таҳлилий чиқишлар билан тўлдириб бориш зарурати туғилди. Шу сабабли 2018 йилда Zarnews.uz сайтини мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтказдик ва айни пайтда кунига 40-60 тагача материал жойлаштиряпмиз. Муассис ўзимиз, аммо сайт ва ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган хабар ва янгиликлар, мақолаларни алоҳида ижодий гуруҳ тайёрлайди. Таҳририят ходимлари ҳам сайт ишига ёрдам беради ва бунинг учун улар рағбатлантириб борилади. Ҳозир вилоят ҳаёти билан боғлиқ ахборотларни асосан, сайт ва телеграм каналимиз орқали аҳолига етказяпмиз. Газеталаримизда кўпроқ катта мақолалар, танқидий-таҳлилий чиқишларга кенг ўрин беряпмиз. Ўз навбатида ушбу материалларни сайтга аудио ва видеовариант тарзида тайёрлаб жойлаштирилмоқда. Бу турли тоифадаги ўқувчиларимиз учун анча қулай экан – биров мақолани тинглайди, бошқаси видеолавҳа тарзида томоша қилади.
Коронавирус пандемияси даврида аҳоли уйда қолиб, асосан интернет сайтлар ва ижтимоий тармоқлар орқали хабар ва янгиликлардан тезкор хабардор бўлди. Бу даврда Zarnews.uz мухлислари ҳам анча кўпайди.

– Карантин эълон қилинмасдан аввал, март ойи бошида сайтимиз ўқувчилари ва телеграм каналимиз аъзолари 10 минг нафардан кўпроқни ташкил этган бўлса, ҳозир 15 мингга яқинлашиб қолди, – дейди сайт муҳаррири А.Шерхолов. – Бу Республикамиздаги бошқа сайт ва каналлар аъзолари олдида кичик рақамлардир, аммо бугун Самарқанддаги энг оммавий интернет нашрга айланяпмиз. Эълон қилинаётган материалларнинг 75-80 фоизи ўқувчилар томонидан ўқилмоқда. Республика ва халқаро майдондаги воқеа-ҳодисалар билан бирга кўпроқ маҳаллий хабарларга эътибор қаратамиз. Бундан ташқари, қизиқарли факт ва рақамлар, тарихий маълумотлар эълон қилиб борилади. Эътиборли жиҳати, ижтимоий тармоқлардаги саҳифа ва каналларимизда аҳолининг мурожаатлари асосида ҳам танқидий-таҳлилий мақолалар тайёрлаяпмиз. Бу чиқишлар бежиз кетаётган эмас. Ҳар бир танқидий материалга мутасаддиларнинг жавоби, муносабати берилмоқда. Кўтарган муаммоларимиз ижобий ҳал этилмоқда. Аслида, бизнинг мақсадимиз шу – ўқувчиларимизга янгиликларни тезкор ва аниқ етказиш, жойларда юзага келаётган муаммоларга мутасаддилар эътиборини қаратган ҳолда уларнинг ҳал этилишига ҳисса қўшиш.
