Самарқандда сайёҳлик объектлари очилмоқда
Ички туризмни йўлга қўйиш мақсадида бугундан Самарқанд шаҳридаги сайёҳлик объектларига белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этган ҳолда фаолият кўрсатишга рухсат берилди.
Ички туризмни йўлга қўйиш мақсадида бугундан Самарқанд шаҳридаги сайёҳлик объектларига белгиланган санитария-гигиена талабларига риоя этган ҳолда фаолият кўрсатишга рухсат берилди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Самарқанд вилояти филиали тасарруфидаги қуйидаги зиёратгоҳ ва қадамжолар эса эртага – 11 июндан иш фаолиятини бошлайди:
Самарқанд шаҳридаги Хўжа Дониёр, Имом Мотуридий, Хўжа Абду Дарун, Ҳазрати Хизр, Мурод Авлиё, Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуалари, Руҳобод мақбараси, Хўжа Исъҳоқи Валий масжид-зиёратгоҳи;
Самарқанд туманидаги Хўжа Аҳрор Валий, Хўжа Абду Берун мажмуалари, Оқдарё туманидаги Маҳдуми Аъзам, Жомбой туманидаги Шайх Худойдоди Вали ва Булунғур туманидаги Хўжа Ҳофиз Меросий зиёратгоҳлари.

Нуробод туманидаги Ҳазрати Довуд зиёратгоҳи вилоят туризмни ривожлантириш департаменти билан келишилган ҳолда очилиши кўзда тутилган.
«Қизил» тоифадаги ҳудуд бўлгани учун Паяриқ туманидаги Имом Бухорий мажмуаси ҳамда Ургут туманидаги Чор Чинор зиёратгоҳи ҳозирча фаолият кўрсатмайди.
Фаолият кўрсатишига рухсат берилган зиёратгоҳ ва қадамжоларда айни пайтда карантин қоидаларига риоя этилиши учун кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион «тўшак»лар таъминлаш чоралари кўрилмоқда.
