Самарқандда прокурорлар бир миллиондан ортиқ фуқаронинг яшаш шароити билан танишди
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича жойларда секторлар тизими йўлга қўйилган.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича жойларда секторлар тизими йўлга қўйилган.
Давлатимиз раҳбари асос солган бу тизим бўйича секторларга ҳокимлар, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қилмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, прокурорлар секторларида аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган ишлар давом этмоқда.
Самарқанд вилояти прокурорлари ўтган йили 160 мингга яқин хонадонда бўлиб, 1 миллиондан зиёд фуқаро билан бевосита мулоқот олиб борган. Ушбу жараёнда 12 мингдан ортиқ муаммо борлиги аниқланиб, уларни тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бартараф этишга киришилган.
Хусусан, Ургут тумани Хўжайдуқ маҳалласида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож 60 хонадонга энг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, пул маблағлари, газ баллонлари етказилган.
Пайариқ тумани Ғаллакор, Қўлтўсин, Довтепа, Накурт қишлоқларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш чоралари кўрилган.
Пахтачи тумани Истиқлол маҳалласида замонавий кутубхона мажмуаси ҳамда тил ўрганишга ихтисослашган“Интеллект” ўқув маркази ташкил этилган.
Ургут тумани Кенагас ҳамда Мерганча маҳаллаларини бирлаштириб турувчи автомобиль йўли асфальтлангани аҳолининг мушкулини осон қилди.
Шу билан бирга, вилоятдаги ижтимоий ва бошқа объектларда аниқланган бир қатор муаммолар бартараф этилган. Хусусан, Пахтачи тумани Зарафшон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи Нарпай каналининг устида пиёдалар ўтиши учун мўлжалланган узунлиги 8 метр бўлган кўприк оммавий ҳашар йўли билан қайта таъмирланган.
Пайариқ тумани Накурт маҳаллалсида маҳаллий маблағлар ҳисобидан янги ва барча шароитларга эга тез тиббий ёрдам шохобчаси қуриб, фойдаланишга топширилган.
Вилоятнинг туман ва шаҳар прокурорлари секторлари раҳбарлари томонидан тадбиркорлар билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказилиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар, амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.
Бу борада 360 янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 700 га яқин қўшимча иш ўринлари яратилган. 32 нафар тадбиркорга ер майдони берилган бўлса, 250 нафарига кредит ажратилди. Юздан ортиқ ишламаётган тадбиркорларнинг фаолияти тикланишига кўмаклашилган.
Экспортёр корхоналар қўллаб-қувватланаётгани натижасида вилоятда 2019 йилда 16 миллион АҚШ долларлик маҳсулот экспорти амалга оширилган.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш прокуратура органларининг асосий вазифалардан ҳисобланади. Бу йўналишда мунтазам иш олиб борилиши, айниқса вояга етмаганлар билан тарбиявий соатлар йўлга қўйилган. Натижада вилоятда ёшлар ўртасида жиноятчилик камайишига эришилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда прокуратура фақат жиноят содир бўлганда, жиноятчини қидирадиган ёки жиноятчини тергов қилувчи идора эмас, балки одамлар дардига дармон бўлишга интилаётган халқчил тузилмага айланмоқда.