Самарқандда 64 та мактабда ярмарка ташкил этилди
Янги ўқув йили арафасида Самарқанд вилоятидаги савдо мажмуалари, бозорлар ва таълим муассасаларида ўқув қуроллари ва ўқувчилар кийим-кечакларининг арзонлаштирилган ярмаркаси иш бошлади.
Янги ўқув йили арафасида Самарқанд вилоятидаги савдо мажмуалари, бозорлар ва таълим муассасаларида ўқув қуроллари ва ўқувчилар кийим-кечакларининг арзонлаштирилган ярмаркаси иш бошлади.
– Вилоятимиздаги бозорлар ва савдо мажмуаларидан ташқари 64 та умумтаълим мактабида мактаб ярмаркалари ташкил этилди, – дейди Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Fайрат Бобохолов. – Ушбу масканларда савдо фаолияти билан шуғулланувчи субъектлар 27 турдаги арзонлаштирилган маҳсулотлар билан таъминланган. Ҳудуд аҳолиси, ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, керакли миқдорда маҳсулот келтириб сотилмоқда.

Ўқув қуроллари ва кийимларнинг тўлиқ бўлиши ҳамда нархларнинг ошиб кетмаслиги бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Шунингдек, ўқув қуролларининг кўриниши, санитария-гигиена меъёрларига мос бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишлаб чиқарувчиси аниқ бўлмаган, тегишли сертификати йўқ маҳсулотлар савдога чиқарилмаяпти. Ярмаркалар жорий йилнинг 10 сентябрига қадар давом этади.

Самарқанд шаҳридаги 69-умумтаълим мактабидаги мактаб ярмаркасидан ҳам ота-оналар фарзандлари билан ўзларига керак маҳсулотларни харид қилмоқда. Мактаб директори Камола Турсунованинг айтишича, “Самарқанд китоб олами” маънавий-маърифий мажмуаси билан тузилган шартнома асосида ўқувчилар учун зарур маҳсулотлар муассасага келтирилиб, 10-15 фоиз арзон нархда сотилмоқда.

Шаҳарнинг Буюк ипак йўли кўчасида ташкил этилган мактаб ярмаркаси ҳам харидорлар билан гавжум.

– 2001 йилдан буён янги ўқув йили олдидан шу ерда мактаб ярмаркаси ташкил қиламиз, – дейди якка тартибдаги тадбиркор Илҳом Хушвақтов. – Имкон қадар ўқув қуролларини арзон нархда ва ўзимизнинг миллий маҳсулотларни сотишга ҳаракат қиляпмиз.