Самарқандда 500 ўринли яна бир даволаш ва тақсимлаш маркази ташкил этилди
Ҳозирда марказда беморлар қабул қилинмаган бўлса-да зарур дори-дармон, гигиена воситалари келтирилган.
Самарқанд вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган беморларни даволаш мақсадида бугунги кунда Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Ургут туманида қарийб икки минг ўринли махсус даволаш ва тақсимлаш марказлари фаолият кўрсатмоқда.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, касаллик кўпайиб кетиши эҳтимолини ҳисобга олган ҳолда Самарқанд шаҳрида 500 ўринли яна бир даволаш ва тақсимлаш маркази тайёрланди. Спорт мажмуасида ташкил этилган марказда реанимация, нефрология, неврология, эндокринология, кардиология ва интенсив даволаш бўлимлари мавжуд.

Ҳозирда марказда беморлар қабул қилинмаган бўлса-да зарур дори-дармон, гигиена воситалари келтирилган. Тиббиёт ходимлари учун махсус тиббиёт воситалари шай ҳолатда. 30 та кардиомонитор, 30 та кислород концентранти, 17 сипап, 6 ИВЛ, 1 дифибилятор, портатив рентген, УТТ, ЭКГ аппаратлари, компьютер ва ноутбуклар келтирилиб, муассасада ягона алоқа тизими ташкил этилди. Шунингдек, 28 та кузатув камераси ўрнатилди. 10 та ногиронлик аравачаси, 20 санитар аравача, 20 та муолажа аравачаси, 30 та куллер каби зарур анжомлар келтирилган.

