Самарқандда 2019 йилда 37 триллион 593 миллиард сўмлик ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқарилди
Саноат ишлаб чиқариш ҳажми 15 триллион 863 миллиард сўм бўлди.
Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов вилоятда 2019 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги истиқболли режаларга бағишланган матбуот анжуманида маълум қилди.
Саноат ишлаб чиқариш ҳажми 15 триллион 863 миллиард сўм бўлди. Бунда истеъмол товарларининг улуши 60 фоизни ташкил этди. Саноат ишлаб чиқаришининг ярмидан кўпи – 54 фоизи кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келди.

Ўтган йил вилоятда 29 триллион 392 миллиард сўмлик деҳқончилик ва чорвачилик маҳсулотлари, шунингдек, ўрмончилик хўжаликларида 832 миллиард сўмлик, балиқчилик хўжаликларида 74 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2018 йилга нисбатан ўсиш суратлари таъминланди.
2019 йилда вилоятнинг ташқи савдо айланмаси 1 миллиард 744 миллион (экспорт 391,6 миллион, импорт 1 миллиард 352,9 миллион) АҚШ долларини ташкил этди.

Ж.Ўроқовнинг таъкидлашича, вилоятдаги банклар томонидан ўтган йил “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича 15,4 мингта лойиҳа учун 390 миллиард 974 миллион сўм, ҳунармандчиликни ривожлантириш дастури бўйича 648 та лойига 23 миллиард 428 миллион сўм, “Yoshlar – kelajagimiz” дастури бўйича 317 та лойиҳа учун 92 миллиард 107 миллион сўм кредит ажратилди.
Йил давомида 7980 та кичик бизнес субъекти фаолияти йўлга қўйилиб, вилоятда уларнинг умумий сони 25 минг 600 дан ошиб кетди. Бандлик дастури ижроси доирасида 45 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Туризм соҳаси ҳам вилоятда жадал ривожланаётган тармоқлардан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, ўтган йил вилоятга 3 миллион 120 минг, жумладан, 560 минг нафар хорижлик сайёҳ ташриф буюрган. Уларга замон талабларига мос хизмат кўрсатиш мақсадида йил давомида 33 та янги меҳмонхона ташкил этилди. Айни пайтда вилоятда 145 та меҳмонхона, 141 та меҳмон уйлари фаолият кўрсатмоқда. Улардаги ўринлар сони 7700 дан ортиқни ташкил этмоқда. Ушбу кўрсаткични ошириш учун айни пайтда Самарқанд шаҳрида меҳмонхона ташкил этиш истагида бўлган тадбиркорлар ва хорижлик инвесторлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда.
Матбуот анжумани давомида Ж.Ўроқов 2020 йил учун белгиланган режалар ҳақида ҳам маълумот бериб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.