Самарқанд кишмишидан япон олмасигача
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станциясида жорий мавсумда 1 миллион тупдан ортиқ ток ва 320 мингга яқин мевали дарахт кўчатлари тайёрланди.
Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий тажриба станциясида жорий мавсумда 1 миллион тупдан ортиқ ток ва 320 мингга яқин мевали дарахт кўчатлари тайёрланди.Айни пайтда ушбу кўчатлар юртимизнинг турли ҳудудларидаги фермер хўжаликлари, агрофирмалар билан тузилган шартнома асосида етказиб берилмоқда. Вилоятдаги деҳқон бозорлари, аҳоли гавжум масканларда ҳам савдо ярмаркалари ташкил этилган.
– Муассасамиз илмий ходим ва боғбонлари 47 гектар майдонда кўчат етиштиради, – дейди мазкур институт Самарқанд илмий тажриба станцияси директори Жамшид Аҳмаджонов. – Бошқа кўчатчилик хўжаликларидан фарқли равишда, бизда узум ва мевали дарахтларнинг янги ва истиқболли навлари яратилиб, бир неча босқичли тажриба ва синовлардан сўнг кенг миқёсда экиш учун кўпайтирилмоқда. Хусусан, кейинги йилларгилос, олма, нок ва шафтолининг серҳосил ва эртапишар, экспортбоп навлари яратилди. “Самарқанд”, “Сўғдиёна”, “Малика”, “Мотрудий” каби янги узум навлари асосида токзорлар ташкил этилди. Илмий ходимларимизнинг япониялик ҳамкасблар билан ҳамкорлиги натижасида олманинг “Фуджи”, шафтолининг “Акацуки” ва “Гиесе” навлари маҳаллий шароитга мослаштирилди. Ҳозирда тажриба хўжалигимизда ушбу нав дарахт кўчатлари экилган боғлар ҳосилга кириб, синовлар муваффақиятли ўтди. Япония технологияси асосида яратилган бир гектарлик интенсив токзорда ҳам ҳосилдорлик бошқа майдонларга қараганда юқори бўлмоқда.
Бугунги кунда станцияда интенсив боғлар учун мевали дарахтларнинг пакана ва ярим пакана навлари кўчатларини тайёрлаш ҳам ўзлаштирилди. Жумладан, шу пайтгача хориждан келтирилган дарахт кўчатларининг ўндан зиёд тури маҳаллий шароит, ер, сув, иқлим шароитлари ҳисобга олинган ҳолда етиштирилмоқда. Биргина “ММ-106” пайвандтагли ярим пакана кўчатлар қишнинг совуғи ва ёзнинг жазирамаси, сизот сувларининг юзага кўтарилиши ва бошқа табиат синовларига чидамлилиги билан юртимизнинг барча ҳудудларига мос келди. Шу боис, айни пайтда ушбу нав кўчатлари асосида интенсив боғлар яратилмоқда.
– Интенсив боғ ташкил этиш мақсадида бир неча фермер хўжаликлари тажрибасини ўргандик, – дейди Жомбой туманидаги “Санжар Умар Боғлари” фермер хўжалиги бошлиғи Сайёра Расулова. – Аксарият фермерлар кўчатни ушбу илмий тажриба станциясидан олганларини айтди. Уларнинг тавсияси билан биз ҳам шу ерга келиб, ярим пакана олма кўчатлари харид қиляпмиз.
Илмий тажриба станцияси ходимлари боғдорчиликка ихтисослашган хўжаликларга кўчатларнинг нав хусусияти, агротехникаси ҳақида ҳам тушунча бериб, уларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.