Ватанимиз тарихидаги 21 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1420 йил (бундан 605 йил олдин) – Шарқ дунёсида машҳур бўлган Самақанддаги Улуғбек мадрасасида биринчи дарс бўлиб ўтди. Адиб Зайниддин Восифийнинг қайд этишича, мадрасага биринчи мударрис этиб Мавлоно Муҳаммад Ҳавофий тайинланган эди.
Мадраса битишига яқин қолганда қурилишда ишлаётганлар Улуғбекдан ким мударрис этиб тайинланади, деб сўрайдилар. Улуғбек бу лавозимга барча илмлардан хабардор одамни топажагини айтади. Шу ердаги ғиштлар орасида чанг-лой кийимда ўтирган Мавлоно Муҳаммад Ҳавофий Улуғбекнинг сўзларини эшитиб, шу мансабга ўзи муносиблигини айтади.
Улуғбек унга саволлар бериб, қониқарли жавоб олганидан сўнг, унинг билимларидан қаноат ҳосил қилади ва уни ҳаммомга олиб бориб чўмилтириш ва яхши кийимлар кийинтиришни буюради. Мадраса очилишида Мавлоно Муҳаммад мударрис сифатида биринчи маърузани ўқийди. Бунда 90 олим ва талаба ҳозир бўлган бўлса ҳам маърузани фақат Улуғбек билан Қозизода Румий икковлари тушунадилар, холос.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Улуғбек мадрасасида ўкиш жараёни бир ўкув йилида етти ой давом этган. Ўкув йили мезон ойининг биринчи куни (21 сентябрда) бошланиб, ҳамал ойининг биринчи кунида (21 мартда) тугаган. Ҳамал ойидан (21 мартдан) мезон ойигача (21 сентябргача) бўлган муддат, яъни март ойининг охиридан, апрел, май, июнь, июль, август ойлари ва сентябрнинг 21-кунигача таътил ҳисобланган.
1860 йил (бундан 165 йил олдин) – Бухоро амири Насруллоҳ 55 ёшида Бухоро шаҳрида қулоқ оғриғи касали туфайли фожиали вафот этди. Амир Насруллоҳ Бухоро шаҳридаги Жўйбор мавзесида жойлашган Эшони Имло (Ҳазрати Имло) қабристонига, отаси Амир Ҳайдар қабри ёнида дафн этилган.
Тарихчи олим Қаҳрамон Ражабовнинг қайд этишича, Шаҳрисабзнинг собиқ ҳокими Искандар валламийнинг синглиси Кенагасхоним (Фитратнинг ёзишича, Кенгашойим) ўз акасининг ғаразли режасига биноан ва элининг ўчини олиш мақсадида ўз эри Амир Насруллоҳ ухлаб ётганида унинг қулоғига симоб қуйган. Қулоқ оғриғи дардига дучор бўлган Насруллоҳхон ўлими олдидан ўз эрининг жонига қасд қилган Кенагасхонимни Арк ичидаги Чилдухтарон қудуғига ташлашни буюради.
Бу пайтда Бухорода яшаётган Искандар валламий ва унинг бутун оила аъзолари, шунингдек, куёви Ёқуббий ва унинг фарзандлари ҳам амирнинг ўлими олдидан қатл қилинади. Хуллас, Амир Насруллоҳ унга қилинган суиқасд натижасида қулоғига симоб қуйилгандан кейин бир неча кун ўтгач – 1860 йил 21 сентябрда қаттиқ қийналиб, фожиали тарзда жон таслим қилди.
1895 йил(бундан 130 йил олдин) – мустамлака маъмурияти томонидан Самарқанд–Андижон темирйўлининг Тошкент шахобчасини қуриш ҳақида кўрсатма берилиб, ишлар жадал суръатларда олиб борилди. Тарихчи Анорой Тоғаеванинг қайд этишича, 1897 йилда Қўқонга, 1899 йилда Тошкентгача темир йўл қуриб битказилди. Самарқанд–Тошкент йўналишининг узунлиги 357 километрни, Урсатьевдан Андижон станциясигача бўлган масофа эса 325 километрни ташкил этди.
1921 йил(бундан 104 йил олдин) – Бухоро Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилинди. Бу конституция фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини қонун йўли билан мустаҳкамлаб, хусусий мулк шакли сақланиб қолинди. Конституцияга кўра, Бухоро Республикасининг олий ҳокимият органи – Бутун Бухоро халқ вакиллари қурултойи ҳисобланган.
1945 йил (бундан 80 йил олдин) – “Қизил Ўзбекистан” газетасининг шу кунги сонида Ғафур Ғуломнинг “Вақт” шеъри илк марта эълон қилинди. Шоирга урушдан олинган ўлжа соатнинг ҳадя этилиши “Вақт” шеърининг яратилишига сабабчи бўлган эди. Академик Наим Каримовнинг қайд этишича, шу вақтдан бери ушбу шеър ҳақида жуда кўп ёзилди. Унинг Ғафур Ғулом фалсафий шеъриятининг шоҳ намуналаридан бири эканлиги айтилди. Бу гапларнинг ҳаммаси ҳақиқат. Аммо бу шеър ҳақида қанчалик кўп ёзилган бўлмасин, унинг шу вақтга қадар эскирмай, оҳорини тўкмай келиши, сир-синоати ҳамон очилмай қолмокда.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Жаҳон банкига аъзо бўлди. Мазкур нуфузли халқаро молиявий ташкилот билан ҳамкорлик яхши ривожланган.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Саудия Арабистони Қироллигида ва Корея Республикасида Ўзбекистон Республикаси элчихонасини очиш тўғрисидаги қарорлари қабул қилинди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Совет тузуми даврида қатағон этилган фидойи ватандошларимизни аниқлаш, номини абадий сақлаш ва келгуси авлодларга етказиш мақсадида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театрига “Миллий театр” мақомини бериш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Шундан бошлаб у Ўзбек Миллий академик драма театри номини олди.
2019 йил(бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Археологик тадқиқотларни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга асосан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимида давлат муассасаси шаклидаги Миллий археология маркази ташкил этилди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Президент Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 76-сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида видеомурожаат билан чиқди. Давлатимиз раҳбари халқаро ҳамжамиятга минтақа ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар, БМТнинг замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда чора кўришдаги роли юзасидан ўз нуқтаи назарини билдирди ҳамда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ва ортга қайтмас тус олган чуқур демократик ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб берди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА