Салтанат устуни ва “юк кўтарувчи”: Ўзбек давлатчилиги тарихида вазир лавозими
Давлат бошқаруви ҳақида сўз кетганда, салтанатлар тақдири фақат тождорлар иродасига боғлиқ бўлмаган. Давлатни тик тутиб турувчи улкан қудрат, аввало, сарой аъёнларининг теран тафаккурига таянган. Араб тилидан олинган “вазир” сўзининг луғавий жиҳатдан “юк кўтарувчи” деган маънони англатиши ҳам бежиз эмас.
Бу лавозим Араб халифалигида дастлаб VIII асрнинг иккинчи ярмида – халифа Мансур даврида жорий этилиб, бутун Яқин ва Ўрта Шарққа ёйилган бўлса-да, ўзбек давлатчилиги тарихида у ўзига хос миллий, сиёсий ва ҳуқуқий камолотга эришган.
Ўзбек давлатчилигида вазирлар иштирокидаги маъмурий бошқарув тизимининг эрта шаклланганини Сомонийлар сулоласи давридаги мукаммал вазирлик институти яққол тасдиқлайди. Ушбу даврда мамлакат ҳаётини ўнта мустақил девон (вазирлик) бошқарган ва уларнинг бошида хожайи бузург, соҳиб барид, мушриф, вакил, муҳтасиб каби юксак мартабали вазирлар турган. Бу мулозимлар нафақат бош ҳукмдорга, балки вилоятларни бошқараётган шаҳзодаларга ҳам давлат ишларида энг асосий ёрдамчи, йўл кўрсатувчи бўлган.
Вазирлик мақомининг том маънодаги олтин даври ва ҳуқуқий мезонлари Амир Темур салтанатида яратилди. Буюк Соҳибқирон марказий бошқарувда ҳокимиятни девонбеги (бош вазир) ва унга тобе бўлган етти вазир орқали юритган. Бу етти вазирнинг масъулияти қатъий тақсимланган эди: мамлакат ва раият ишлари, ҳарбий соҳа, тижорат ҳамда молия ишлари мустақил вазирлар томонидан назорат қилинган. Қолган уч махсус вазир эса чегара ва тобе ўлкаларни бошқаришда бевосита девонбеги билан маслаҳатлашиб иш тутган.
Амир Темур доно вазирни салтанатнинг тенг ҳуқуқли шериги деб улуғлаган. Чунки давлатни тутиб турувчи уч асосий устун – мулк, хазина ва лашкар айнан вазирнинг адолатига, тадбирига суянган. Шунинг учун вазир этиб тайинланувчи шахсдан тоза насллилик, теран ақл-фаросат, қўшин ҳамда халқ аҳволидан хабардорлик ва юксак сабр-чидамлилик талаб этилган. Бу мезонларга жавоб берган арбобгагина ишонч, эътибор, ихтиёр ва иқтидор берилган. Кек сақловчи ва ҳасадгўйлар бу лавозимга яқинлаштирилмаган.
Қолаверса, чинакам вазир фақатгина молиячи эмас, балки саркарда, яъни “қилич ва қалам соҳиби” бўлиши шарт эди. Бунга Амир Темурнинг ўзи 1362 йилда Моҳон ҳокими Алибек Чун Ғурбоний қўлида асир бўлиб, қамаб қўйилганида содир бўлган воқеа ёрқин далилдир. Термиздан келган вазир Азизиддиннинг ақлли тадбири билан душман ғафлатда қолдирилади ва Соҳибқирон қилич зарби билан ёв орасидан ёриб чиқади. Шунинг учун ҳам бундай садоқатли амалдорлар валинеъматнинг ҳақиқий соқчиси саналган.
Тарих нафақат доно вазирларнинг бунёдкорлигига, балки мунофиқ вазирларнинг давлатларни қандай қулатганига ҳам гувоҳдир. Доно вазир золим подшоҳнинг зулмини тўхтата олса-да, нопок вазир бутун хазина ва лашкарни ҳалокатга етаклаган. Салжуқийлар султони Маликшоҳнинг ўз доно вазири Низомулмулкни мансабидан четлатиб, ўрнига нокас кимсани олиб келиши салтанатнинг нурашига сабаб бўлгани, ёки халифа Мустаъсимнинг ҳасадгўй вазири Ибн Алъамийни ўзига яқинлаштириши ва бу мунофиқ Халокухон билан тил бириктириб халифанинг ўлимига сабаб бўлгани фикримизнинг тасдиғидир.
Бу ўринда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг вазирларга берган баҳоси ўта диққатга сазовордир. Молия ва хазина доимо нафс синови бўлгани учун, улуғ шоир ўз давридаги “вузаро”ларнинг (вазирларнинг) молиявий қинғирликларига, Мажидиддин ва Низомулмулк каби зулмга юз тутган мулозимларнинг кирдикорларига бевосита гувоҳ бўлган. Шу сабабли Навоий золим вазирларни мулкни барбод этувчилар, ҳалқ бойлигини совурувчи “илон ва чаёнлар” деб атаб, уларни кескин танқид қилган. Аммо Навоий вазирлик мақомининг асл моҳиятини улуғлаб, достонларида тадбиркор, садоқатли ва эл ғамини ўйловчи идеал вазир – Мулкоро образини ҳам яратиб берган.
Даврлар ўтиши билан вазирнинг вазифалари янгиланиб, турли мажбуриятлар билан бойиб борди. Хонликлар даврида, масалан, Хива хонлигида вазирлар асосан солиқ йиғувчи, қўшни давлатлар билан дипломатик музокаралар олиб борувчи ва амалдорларни тайинловчи энг нуфузли шахс сифатида иш кўрди.
Шўролар ҳукмронлиги даврида эса бу қадимий ва шарафли лавозим ўз тарихий томиридан узилиб, “комиссар” ва “министр” каби четдан кириб келган сўзлар билан алмаштирилди ва аслий моҳият четга сурилди.
Фақатгина миллий мустақиллик шарофати билан ўзбек давлатчилиги тарихидаги бу буюк истилоҳ яна ҳаётимизга, давлат бошқарувига тўлақонли қайтди. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, вазир лавозими шунчаки давлат амалдори эмас, балки ўзбек давлатчилигининг асрий тажрибаси, миллат мафкураси ва адолат тарозисидир. Мозийдан бизгача етиб келган энг муҳим сабоқ шуки – ҳалоллик, теран билимдонлик ва чинакам халқпарварлик тамойилларига таянган вазири бор давлат ҳар қандай замонда ҳам буюк ва енгилмас бўлиб қолади.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА