“Саломатлик акцияси” давом этади
Сирдарё тумани Шоликор маҳалласида жойлашган “Шоликор” оилавий шифокорлар пунктида “Саломатлик ойи” доирасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилди. Акция “Бор меҳримиз шу Ватан, шу халқ учун!” шиори остида ўтказилди.
Кўрикда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли терапевт, педиатр, кардиолог, невропатолог, травматолог, жарроҳ, офтальмолог, отоларинголог, гинеколог каби тор ихтисосликдаги шифокорлар ҳамда УТТ, ЭКГ ускуналари ва кўчма лабораториялар жалб этилди.
Жами 627 нафар фуқаро кўрикдан ўтди. Улар орасида 316 нафар аёл, 108 нафар бола, 25 нафар ҳомиладор, 37 нафар кам таъминланган оиланинг вакиллари бор эди. Кўрик натижасида 163 нафар кишида сурункали ва ўткир касалликлар аниқланди. Бир нафар беморга вилоят шифохонасига йўлланма, 3 нафарга жарроҳлик амалиёти, 12 нафарга стационар даволаниш тавсия этилди. Қолганларга амбулатор муолажалар белгиланди.
Икки нафар ҳомиладорда патология ҳолати қайд этилиб, зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, 9 нафар ёлғиз ва ногирон кекса уй шароитида кўрикдан ўтказилди.
Кўрик давомида 120 нафар фуқаро таҳлил учун қон топширди, 93 нафар фуқаро ЭКГ, 78 нафари УТТ текширувидан ўтди. 31 нафар беморга 11 турдаги дори воситалари бепул берилди.
Тадбирда аҳолига соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва касалликлар профилактикаси юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
[gallery-23089]
Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Санат Қодировнинг таъкидлашича, бундай кўриклар аҳоли саломатлигини эрта босқичда баҳолаш ва тиббий хизматни ҳар бир хонадонга яқинлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Акция Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида май ойи якунига қадар давом этади. Тиббиёт ходимлари томонидан аҳолини мақсадли кўрикдан ўтказиш, хавф омилларини аниқлаш ва индивидуал соғломлаштириш режаларини тузиш ишлари амалга оширилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири