Салоҳиятли ва шижоатли кадрлар юрт ривожини белгилайди
Муносабат
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилишида ижтимоий соҳа, маданият, таълим, педагоглар фаолияти, ёшлар тарбияси каби долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилишда кўтарилган муҳим йўналишлар, соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти фаолиятидаги натижалар ҳамда олдиндаги режалар бизни беҳад руҳлантирди. Хусусан, Президентимиз “Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур” дея алоҳида таъкидлади.
Бу эса, институтимиз жамоаси томонидан олиб борилаётган таълим жараёнида буюк маърифатпарвар аллома Исҳоқхон тўра Ибрат каби етук кадрларни тайёрлаш учун шарқ ва ғарб тилларининг бирдайин ва мукаммал даражада ўргатилаётгани, бунга ҳамоҳанг тарзда миллий қадриятларимизга мос маънавий тадбирларнинг ҳам ўтказиб келинаётгани ёшлар учун муҳим дастуриламалга айланишига яна бир бор ишончимиз комил бўлди.

Давлат етакчисининг илгари сураётган ғоялари эса ушбу жараённи яна ҳам жадал тарзда йўлга қўйишимизга муносиб турткидир. Юртбошимиз таржимонликдек масъулиятли меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун улуғ шоир ва таржимон Огаҳий номидаги Халқаро мукофотни таъсис этишни таклиф этди. Зеро, бу Наманган давлат чет тиллари институтида айни пайтда таржимонлик назарияси ва амалиёти таълим йўналиши ҳамда бадиий ва синхрон таржима мутахассислигида таҳсил олаётган талаба-ёшлар учун айни муддаодир.
Айтиш жоизки, олий ўқув юртидаги дарс жараёнлари, шунингдек, махсус тўгаракларда талабаларимиз кўплаб бадиий асарлар, айниқса, жадидчи Ибрат бобомиз ижодидан бир қатор намуналарни роман-герман туркуми ва шарқ тилларига таржима қилиб келмоқда. Энди эса уларнинг қилаётган меҳнатлари мамлакат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланиши навқирон авлод вакилларини янада руҳлантириши аниқ.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши ҳам институтимиз олдида турган режаларнинг истиқболли эканини англатмоқда. Сабаби, чет тиллари институти бўлишимизга қарамай, янги ўқув йилидан бизда ўзбек тили ва адабиёти кафедраси ҳам ташкил этилиши белгиланмоқда.
Президентимиз бизнинг эзгу мақсадларимизни қўллаб-қувватлар экан, ёшларимиз улар орзу қилганидек етук инсонлар бўлиб етишишига ҳисса қўшамиз.
Хайрулло Нишонов,
Наманган давлат чет тиллари институтининг маънавий-маърифий
ишлар ва ёшлар масалалари бўйича биринчи проректори.
ЎзА