Салоҳиятли кадрларнинг қадри ошадиган кунлар келмоқда
Энди пора бериб ишга кира олмайсиз; Лавозимни эгаллаш учун таниш-билишчилик иш бермайди; Ишга кириб олдим, энди бўлди... дея олмайсиз: иш самарадорлиги баҳоланади; Кўп ишлаб кам маош олдингизми? Бундай ҳолатларга чек қўйилади...
Хусусий тармоқда “ишламасанг – тишламайсан” тамойили сўзсиз амал қилади. Чунки бу тизимда ишчи ёки ходимнинг иш самарадорлиги қатъий ҳисобга олинади. Аммо давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда бундай эмас. Шунинг учун ҳам кўплаб соҳаларда хоналарни тўлдириб, столларни эгаллаб ўтирган, бироқ иш бермайдиган ходимлар бисёр.
Кўп ҳолларда раҳбарлар иш бермайдиган ходимларни яхши билади. Аммо кўпинча уларга ҳеч қандай таъсир чораси кўрмайди. Бунга гоҳида уларда салоҳият етишмаса, гоҳида “биров”нинг холаси, жияни, тоғаси, аммаси ёки танишини хафа қилишдан чўчийди.
Эндиликда ҳар бир давлат ташкилотига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш амалиёти жорий этилаётгани бунга барҳам бера олса ажаб эмас. Ахир илдизимизга болта уриб келаётган шу таниш-билишчилик, порахўрлик эмасми?
Мана шундай оғриқли тизим туфайли катта режаларни қиламизу, уларни бажаришга келганда депсиниб қолаверамиз. Зеро, бир авиалайнер баландга кўтарилиши учун унинг ҳар бир детали аниқ ишлаши керак.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган юзта мақсад ёки “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастурида айнан адолатли кадрлар сиёсатини йўлга қўйишга эътибор қаратилган. Ходимни ишга қабул қилишдан тортиб уни ижтимоий ҳимоялаш, салоҳиятига қараб ўсиши билан боғлиқ масалалар ечими аниқ кўрсатиб берилган.
Тўғри, кейинги пайтда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали ишга туширилди. Бу аҳолидаги “фақат пора бериб ишга кириш мумкин”, деган қарашларни ўзгартира бошлаган эди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этган мазкур портал номзодларни очиқ мустақил танловлар асосида саралашга қаратилган электрон тизими бўлиб, унда давлат вакант лавозимлари тўғрисидаги маълумотлар автоматик тарзда “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексидан фойдаланган ҳолда сайтга жойлаштириб борилмоқда.
Эндиликда давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали Кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва баҳолашнинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилади.
Чунки Давлат дастурининг 34-бандида давлат хизматида коррупция омилларини бартараф этиш, кадрларни танлов асосида ишга қабул қилиш ва улар фаолияти самарадорлигини холисона баҳолашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш вазифаси қўйилди.
Мазкур банд ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг сентябрь ойига қадар давлат фуқаролик хизмати тизимига кирувчи давлат органлари ва ташкилотларида ходимларни ишга қабул қилишда очиқ мустақил танлов орқали саралаб олишнинг ягона қоидалари ишлаб чиқилади.
Давлат хизматига кириш ва уни ўташ, кадрлар захирасини шакллантириш, ходимларни баҳолаш билан боғлиқ жараёнларни рақамлаштиришни назарда тутувчи “Рақамли давлат хизмати” лойиҳаси амалга оширилади.
Давлат хизматида соҳалар кесимида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Давлат хизматчилари ва давлат органлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаш бўйича рейтинг тизими жорий этилади.
Давлат хизматчиларининг моддий ва ижтимоий таъминот даражаси оширилади.
Дастурнинг 35-бандида давлат хизматчиларининг касбий тайёргарлик, моддий ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш вазифаси белгиланди.
Мазкур банд ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йилнинг октябрь ойига қадар давлат фуқаролик хизматчиларининг кўникмаларини оширишда давлат буюртмасини шакллантириш тизими ишлаб чиқилади.
Хизматчиларнинг моддий ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш бўйича амалий ишлар олиб борилади.
Дастурнинг 36-бандида раҳбарлик лавозимлари учун муносиб номзодларни тайёрлаш мақсадида Миллий кадрлар захирасини шакллантириш вазифаси белгиланди.
Мазкур банд ижросини таъминлаш мақсадида 2022 йил сентябрь ойига қадар республика миқёсида захира кадрларни саралаш амалиёти йўлга қўйилади.
Демак, эндиликда кадрлар фақат салоҳиятига қараб ишга қабул қилишгина эмас, балки улар лаёқатига қараб масъул лавозимларни эгаллайди.
Захира кадрларнинг билим ва кўникмаларини доимий равишда ошириб бориш чоралари кўрилади.
Дастурнинг 37-бандида давлат органларида иш вақти ва меҳнат меъёрлари бўйича талабларни қайта кўриб чиқиш ва уларга риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш вазифаси ҳам қўйилган.
2022 йил июль ойига қадар давлат органларида иш вақти ва меҳнат меъёрлари бўйича қонунчилик қайта кўриб чиқилади ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти стандартлари асосида такомиллаштирилади.
Давлат фуқаролик хизматида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид самарали механизмлар ишлаб чиқилади. Меҳнат муносабатларидаги ҳуқуқбузарликлар учун таъсирчан чоралар белгиланади.
Мослашувчан иш режими ва фаолиятни масофавий ташкил этиш механизмларини белгилайдиган тартиб ишлаб чиқилади. Меҳнатни муҳофаза қилишда мониторинг фаолияти жорий этилади.
Хулоса қилиб айтганда, халқ дилидаги фикрлар Давлат дастурида акс этди. Чунки бундай ҳаётбахш тамойиллар ҳаётимизда бўлишини ҳар биримиз орзу қилганмиз. Улар амалга ошса, жамият ривожини орқага сураётган, салоҳиятли кадрлар йўлига тўғаноқ бўлаётган “таниш-билишчилик” иллати, порахўрлик балоси барҳам топса, мамлакатимиз чинакам кучли давлатга айланади.
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА