Саида Бекназарова “Lifetime Achievement” финалчиси бўлди
Яқинда Париж шаҳрида “Women in Tech Global Awards 2025” танлови бўлиб ўтди.
Унда Тошкент ахборот технологиялари университети профессори Саида Бекназарова Кавказ ва Ўрта Осиё минтақаси бўйича “Lifetime Achievement” номинацияси финалчиси сифатида иштирок этди.

– Бу нафақат шахсий ютуқ, балки Ўзбекистонда аёлларнинг технология соҳасидаги салоҳиятини эътироф этишдир. Бизнинг хотин-қизлар инновация яратишга, илмий изланиш олиб боришга ва ёш авлодга илҳом беришга қодир. Мен илм йўлидан бораётган барча аёлларга умид ва ишонч беришни истайман, – деди у.

Маълумот учун, “Women in Tech Global” 2017 йилда ташкил этилган халқаро дастур бўлиб, аёлларнинг технологиядаги иштироки ва имкониятларини оширишга қаратилган. Дастур бугунги кунда 56 тадан зиёд мамлакатда 250 мингдан ортиқ иштирокчини бирлаштирган. Ташкилотнинг бош офиси Парижда жойлашган.
“Women in Tech Global Awards” мукофоти эса технология ва инновацияда ўз ҳиссасини қўшган аёлларнинг ютуқларини эътироф этадиган муҳим танлов ҳисобланади. Бу танлов орқали аёллар илғор ғоялари ва муваффақиятлари билан халқаро миқёсда эътироф этилади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА