Миллий матбуот марказида маҳоратли журналист, истеъдодли публицист Саид Раҳмоновнинг “Олтин мерос пресс” нашриётида чоп этилган “Ҳамоҳанглик” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Муаллифнинг мазкур илк тўпламида 2017-2024 йилларда Янги Ўзбекистондаги турли марказий нашрларда чоп этилган 35 га яқин туркум мақолалари саралаб жамланган.
Жумладан, тараққиётимизнинг энг устувор вазифалари – камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, ватандошларимизнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш, инсон қадрини улуғлаш, кафолатли даромад манбалари, сифатли таълим, уй-жой билан таъминлаш, айниқса, қишлоқ хўжалигининг барча асосий тармоқларида замонавий технологияларни олиб кириш масалаларига катта урғу беради.
[gallery-23730]
– Саид Раҳмоновнинг мавзулар қамрови кенг, – дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Лазиз Раҳматов. – У қайси муаммо бўйича мақолага қўл урмасин, энг аввало, жаҳоннинг илғор тажрибасини ўрганади, муаммони чуқур ичига киради, ўзгараётган жамиятимизга фойдаси тегадиган аниқ ва жўяли таклифларни илгари суради. Тўпламдаги ҳар бир мақола профессионал журналистнинг тинимсиз изланишлари, сўзнинг устида пухта ишлаши маҳсулидир, шунингдек, ўқувчининг тафаккурини очишга, фикрлашга ундаши билан ғоят аҳамиятли.
Муаллиф қишлоқ хўжалигининг йилқичилик, наслчилик, асаларичилик, полизчилик, анорчилик, пиллачилик, ипакчилик, эчкичилик, чорвачилик, канопчилик, узумчилик, балиқчилик каби кўплаб тармоқларидаги янгиликларни, ислоҳотлар ва натижаларни мутахассис сифатида тадқиқ қилади.
Журналистикада “Сарлавҳа ярим ютуқ”, деган фикр бор. Саид Раҳмонов уларни топишда жуда ижодий ёндашади. “Ўзбекистонда яшаш брендга, бизнес юритиш трендга чиқади”, “Неъматидан хизмати қиммат”, “Унутилган эскиликнинг биз билмаган янгиликлари”, “Помидорнинг дориси кўпми, зори кўпми?”, “Аччиқ экиннинг ширин ҳосили”, “Куянинг уйи куйсин”, “Бозорга тушганларнинг тарвузи қўлтиғидан тушиб қайтаётгани рост...ми?”, “Сарёғдек кесилган тоғлар маскани”, “Сара уруғ – ҳосил бўлиқ” каби қизиқарли сарлавҳалар, кўплаб мақолларни ўринли қўллаши ўқувчи иштиёқини кучайтиради, мақолани янаям ўқишли қилади.
Муаллиф дала билан тиллашган, юрт кезган, жаҳонгашта қаламкаш. Ҳар бир мақолада соҳанинг етакчи олимлари, зукко мутасаддилари билан фикрлашади, таҳлил доирасини максимал кенгайтириб, кичик бир дала эгатидан, катта ҳудудга, сўнг мамлакат ва глобал миқёсга юксалиб, ҳисоб-китобини чиқаради.
Тўпламдан муаллифнинг Ҳиндистон, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия давлатларига амалга оширган хизмат сафарлари давомида ёзган жуда қизиқарли мақолалари ҳам ўрин олган.
“Ҳамоҳанглик” китоби қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, ихтисослашган мутахассислар, умуман қўлига қалам олиб, ижод қилаётган ҳар бир журналист, айниқса, олийгоҳларда таҳсил олаётган талабалар учун жуда фойдали нашрдир.
Н.Усмонова,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА мухбирлари